Муҳрим
14.5K subscribers
655 photos
283 videos
1 file
1.76K links
Мурожаат учун — @muhrimchatbot

Тижорий таклифлар учун — @Eightmediamaker
Download Telegram
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Please open Telegram to view this post
VIEW IN TELEGRAM
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Сайловлар арафаси партиялар зерикарли роликлар, баландпарвоз ва жимжимадор шиорлар чиқаришига ўрганиб қолганимизгами, “Миллий тикланиш”нинг мана бу ролиги бир бошқача кўринди. Элдар ака Асановга ҳам бошқачароқ кўринган-ов, у киши ҳам алоҳида эътироф этибди.

Бошланишига сайловолди ташвиқот шундай креативроқ бўлиб турсин, тўғрими? Айниқса, фавқулодда бефарқ сайловчилар билан ишлашда шуниси яхшироқ ҳам – қайси партиянинг сайловолди ташвиқоти янгироқ, жозибалироқ ва информативроқ бўлса, ўша ютади. Ташвиқотдан мақсад ҳам шу-ку.

#sаylоv24
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Бугун каналларда энг кўп айланган видеолардан бири шу – косонлик аёл туман ҳокими Асрол Бойқораевга “биз сизнинг товонингизни ўпишимиз керакми?”, деб савол беряпти (аввалроқ Косонда “митингча” бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди – ўша мавзунинг давоми бу ҳам).

Бу ҳолат охири нима билан тугаган (тугаганми ўзи?), билмадиму, лекин Косон ҳокими кўзимга иссиқ кўринди. Кўзга қандай ҳоким иссиқ кўринади ўзи? Ë кўп мақталгани (бошқача айтганда - ўзини пиар қилишни эплагани), ё кўп қовун туширгани. Ҳокимбуванинг исми-фамилиясини қидирувга берсам, қизиқ-қизиқ сарлавҳалар, мавзулар чиқиб келди. Масалан:

2016 йил, октябрь: Қарши тумани ҳокими Асрол Бойқораев теримга масъул фаолларни дўппослади (кейин ўзи рад этган);

2021 йил, январь: Косонда “Каптива” уриб юборган йўловчи вафот этган, машина туман ҳокиминики экани айтилмоқда (роса муҳокама бўлган, бу машина ўрнига кейинроқ янгисини олган ва бу ҳам роса муҳокама бўлган);

2022 йил, май: Косон ҳокими Асрол Бойқораев юқори лавозимдаги мансабдорга қўл кўтариши ортидан қамоққа олингани рад этилди;

2022 йил, август: Аввалига қамалгани, кейинчалик матбуот котибидан нажот сўрагани айтилган Косон ҳокими даволаниш таътилидан қайтди (бошқа бир таътили ҳақида ҳам салбий бўёқдорлиги кучли сарлавҳа ясашган экан);

2023 йил, апрель: Косон тумани ҳокими йиғилишда рўзадорлар оғзини мажбуран очдиргани айтилмоқда (бу ҳолат юзасидан Бош прокуратурага арз қилинган, ўзи рад этган);

2023 йил, август: Косон ҳокими маҳалла раисларини солиқ йиғишга мажбурлаб, ҳақоратлагани айтилмоқда;

2024 йил, январь: Косон ҳокими 48 фермернинг ерини президент фармонига зид равишда қайтариб олди (туман ҳокими қарорини кейинроқ вилоят ҳокими бекор қилган).

Бир-икки яхши хабарлар ҳам бор, лекин уни ҳам тўлақонли ижобий деб бўлмайди – уйсизлик сабаб шу кунларда митингча бўлган маҳалладаги нотурар бинода яшаётганларнинг иморати бузилмаслигини айтган, бир неча бор, бир неча йил.

Излаб-излаб, Асрол Бойқораев ҳақида охири битта ростмана яхши хабар топдим – у 2020 йили Мустақиллик байрами арафасида “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланган экан.
Дарвоқе, Тошкент шаҳар ИИББдан айтиб қолишди: ярим тунда шовқин солганлар устидан 102 га шикоят қилган йигитнинг ўзига тушунтириш хати ёздирилгани ҳақидаги постни ИИББ раҳбарияти ҳам ўқибди, ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланибди, текширув натижасига кўра ходимларга чора кўриларкан.

Эътибор берилгани учун ташаккур! Ҳар эҳтимолга қарши эслатиб ўтишни жоиз деб биламан – у пост айрим ходимлар эмас, балки тизимли муаммо ҳақида; у пост чиққанидан кейин ботга яна бошқа кўплаб шундай мазмундаги мурожаатлар келди. Бу муаммони бир-икки ходимга чора кўриш билан ҳал қилиб бўлмаса керак. Тизимли ёндашув зарур.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Тошкентдаги 188-мактабда синов муддатидаги ўқитувчи 6-синф ўқувчисига қўл кўтаргани бугун куннинг асосий мавзуларидан бири бўлиб турибди. Бу воқеага, жумладан, “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам муносабат билдирибди.

“Тарбиячи ва ўқитувчиларнинг малака даражаси ва психологик ҳолати тезкор, жиддий ва шаффоф таҳлил қилиниши лозим”, - дебди у Телеграмдаги каналида қолдирган постида.

Партия етакчисининг қайд этишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “келажакка тузатиб бўлмас зарар бераётган тарбиячи ва ўқитувчиларни танлаш, самарали ишлаш учун шароит ва фаолиятни тўғри баҳолаш масалаларида “бақириб ётган” муаммоларни кўриши ва ечим бериши керак”.
Ички ишлар органлари ходимлари йўлни автобус билан тўсиб ҳам давлат рақам белгиси йўқ оқ “Ласетти”ни тўхтата олмагани, у “Ласетти” ўз йўлида хотиржам давом этганининг видеосини кўрган бўлсангиз керак. Кўрмаган бўлсангиз, мана видеоси.

Бугун ўзим бошқачароқ ҳолатга гувоҳи бўлдим: ЙПХ ходими катта йўлнинг деярли ўртасига чиқиб, қўлидаги таёқчаси билан бир “Трекер”га тўхташ ҳақида тинимсиз ишора берди, лекин “Трекер” ҳеч нарса бўлмагандек, худди ЙПХ ходимини кўрмагандек йўлида давом этди. Ҳатто шошилиб ҳам қўйгани йўқ - қочмоқчи ҳам эмас-да.

“Бу яхшими ё ёмонми, билмадиму, лекин ЙПХ ходимларидан аввалгидек қўрқиш йўқ”, - деганди яқинда Шуҳрат ака. “Авваллари ЙПХ ходими турган жойда ҳеч ким стоп-линияни безбетларча босиб ўтиб, йўл ўртасига чиқиб, яшил чироқ ёнишини кутмасди. Иккинчи полосадан ҳам орқага қайрилмасди. Энг ачинарлиси, ЙПХ ходимлари ҳам бундай ҳолатларга оҳиста кулиб қўяверади”.

Шуҳрат ака бундан аввалроқ ҳам бир тирбандликда қолиб кетгани, уни тарқатиш учун тезда қаердандир ЙПХ ходими келгани, лекин, “энг қўрқинчлиси, бирор ҳайдовчи ЙПХ ходимининг ишораларига, кўрсатмаларига бўйсунмаётгани, ҳамма юришда давом этаверганидан тирбандлик янада чигал бўлиб кетгани”ни баён қилганди.

Бу – ёмон, хавотирли сигнал. Шундай сигналки, йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи ўзи шундоқ ҳам мингта ишга кўмилган тушунарсиз “маҳалла еттилиги”ники эмас; йўлларга ўрнатилган камералар хўжакўрсинга ўқрайиб турмай, ишлаши ва сони янада кўпайиши керак; жарима баллари ҳақидаги, автотеррористларнинг нафақат қоидабузарлиги, балки шу қоидабузарлигини кўз-кўз этганини ҳам аёвсиз жазолашга қаратилган ҳужжатлар қайсидир токчаларда чанг босиб ётмай, тезроқ қабул қилиниши ва амалга киритилиши керак. Қилинадиган иш кўп.

Охир-оқибат, эй, валломатлар, йўлларда тартиб ўрнатилишини кўп эмас, озгина хоҳланглар, тамом – сизда хоҳиш бўлса, бир ҳафтага қолмай ҳаммаси тартибга тушади. “Кўча”га қарши “операция”да кўрдик-ку – кўз очиб-юмгунча айбдори ҳам топилди, суди ҳам бўлди, қамаладиган қамалди. Сиз хоҳласангиз бас, қабул қилиниши неча йилдан бери кечикаётган қонунлар ҳам соғлом ақлга мос шаклда чиқарилади, тартиб ҳам ўрнатилади, ўлим ҳам камаяди. Хоҳланглар энди, барака топкурлар...

Дарвоқе, ҳа, идеалда ўзи йўлларимизда ЙПХ ходимлари бўлмаслиги керак. Чет элга чиққанда кўриб, ҳавас қиламиз-ку: “Биздагидек ҳар қадамда ГАИ эмас экан, умуман, бирорта ГАИ кўрмадим”, деб. Бизда ҳам шунақа бўлиши керак, ҳа. Лекин йўлларимиздан ЙПХ ходимларининг йўқолиши улардан ҳеч ким қўрқмай (хоҳлаганича қоидабузарлик қилиб) қўйганининг оқибати бўлмаслиги керак. Муаммо - қоидабузарлар шунчаки ЙПХ ходимдан қўрқмай қўйганида эмас. Улар аслида ходимдан эмас, давлатнинг тартибга солувчи кучидан қўрқмаяпти. Бу – ёмон сигнал.
“1000КИТОБ подкаст”нинг навбатдаги сонида таълим бўйича экспертлар – Комил ака (Жалилов) ва Шокир ака (Турсун) билан педагогика йўналишида нега айнан “Ways of Learning” (“Таълим йўллари”) китобини биринчи таржима қилиш кераклиги ва биргина шу китоб бизнинг таълим тизимимизга қандай таъсир қилиши мумкинлиги, дарсликлар ва улар билан боғлиқ муаммоли жиҳатлар, мактаб кутубхоналарининг аҳволини қандай яхшилаш мумкинлиги, алифбо ислоҳоти ва ҳатто инглиз тилидан таржима қилинаётган китобларда шахсларнинг исми-шарифини ўзбек тилида қандай ифодаласа тўғри бўлишигача гаплашдик.

Менга энг ёққани, ўзим учун энг катта янгилик бўлгани – Англиядаги 9-синф ўқувчилари учун мўлжалланган, Шекспир асари ҳақидаги дарсликсифат қўлланма бўлди (инглиз ўқувчилари Шекспир билан айнан 9-синфдан бошлаб танишаркан). Битта асарнинг оригинал матни тўлиқ (эски инглиз тилида) берилган, асарнинг ҳар саҳифаси болага бошдан-оёқ тушунарли, ҳозирги инглиз тилида тушунтирилган (масалан, нега шу жойида шундай сўз, ибора, жумла ишлатган, маъноси нима, бу ҳақда яна қаерда кўпроқ, батафсилроқ ўқиш мумкин ва ҳоказо, ва ҳоказо), бола шу асарга қизиқиши учун суратлар, қизиқарли маълумотлар илова қилинган.

Бизда, сал муболағаси бордиру, шу, 1-синфдан охирги синфгача Навоий ўргатилади, лекин бирор ўқувчи тайинли тушунмаса керак уни; ачинарлиси, таълим ўзбек тилидаги мактаблардан кўра рус тилидаги мактабларда болалар Навоийни яхшироқ тушунса керак – чунки улар “Садди Искандарий” ҳозирги тилда, оддий қилиб, “Стена Искандера” (“Искандар девори”) деб берилади, “ораз”и нима экан, “бўйлаким”и нима дегани, “ниҳон”и-чи, “Кара Севда”даги қизнинг исмими, деб ҳам ўтирмайди – ҳаммаси ҳозирги замон тилида берилади.

Эҳтимол, бирор юқорироқ синфда Англиядаги каби мана шундай дарслик-қўлланмалар қилинса, болалар Навоийни ҳам яхшироқ тушуна бошлар – уни нега буюк ҳисоблашларини, нега ҳаммаёққа номию ҳайкали қўйиб ташланганини тушуна бошлар? Ва, бундай дарсликсифат бундай қўшимча қўлланмаларни нафақат адабиёт, балки бошқа фанлардан ҳам қилиш керакдир. Суратлари чиройли, ранг-баранг энциклопедия(ча)лар ҳар қандай болага ёқади-ку.

PS. Ҳар эҳтимолга қарши, “1000КИТОБ” лойиҳаси доирасида 2024 йилда таржима қилинаётан дастлабки 50 китоб рўйхати – бу ерда.
Коррупцион суриштирув институти коррупцияни йўқота оладими?

Коррупцияни тўхтатиш учун унинг сабабларини илк босқичда аниқлаш керак. Бу жараёнга эртароқ эътибор қаратиш адолатни қарор топтиришга ёрдам бериши мумкин. “Адолат” социал-демократик партияси коррупция ҳолатларини дастлабки босқичда аниқлаб, тўғри текширувларни ўтказиш учун коррупцион суриштирув институтини жорий қилишни таклиф қиляпти.

Партиянинг ишонишича, бундай институт жамиятнинг ҳар бир соҳасида коррупцияни тез ва аниқ текшириш имконини беради. Унинг асосий вазифаси давлат идораларида коррупцияга йўл қўймаслик ва коррупция билан боғлиқ ҳолатларни зудлик билан фош этиш бўлади.

Шунингдек, ҳар бир коррупцион ҳолат эрта босқичда текширилиб, фактлар тўпланиб, тўғри тартибга солинади. Бу жараёнда эса, партия вакилларининг таъкидлашича, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг коррупцияга аралашувини ўз вақтида тўхтатиш имконияти яратилади.

“Лолазор”нинг охирги сонида ҳам коррупция ҳақида гаплашгандик. Ўшанда бу йўналишда маълум бир ютуқлар билан бирга ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплиги айтилганди. “Адолатчилар” бераётган таклиф ҳам ўша ишлардан биридир, эҳтимол.

#sаylоv24
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Биз, “Газета.уз”да, биринчи авариядан иккинчи авариягача бўлган даврда Бойсун қандай яшагани ҳақида видео тайёрлаган эдик. Бугун “Кун.уз” Бойсун аҳолиси иккинчи авариядан кейин қандай қийналаётгани ҳақида репортаж чиқарибди. Бу репортаж учун айримлар “Кун.уз”дан душман ясамас, деб умид қиламан.

“Шу газ туфайли аҳолининг уй ҳайвонлари ва паррандалари ўлиб кетяпти” деган бир қатор гапни байроқ қилиб, шугина гапга болохонадор раддия тайёрлаш учун Бойсунга борган ва дуч келган одамдан “газдан молингиз ўлдими, товуғингиз ўлдими?” деб сўраб юрган бечоралар ҳам кўрсин шу репортажни.

Илова қилаётганим бу видеопарча эса – ўша репортаждаги, назаримда, энг оғриқли суҳбатлардан бири.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Бойсунлик уч боланинг онаси: “Газ ёқмайлик, оқова газ ҳам керакмас, тезаккинамизни ёқибгина ўтирсак, қотган нонни сувга ботирибгина есак – шуниси яхши-ку, бундай мусофир бўлиб юрганимиздан кўра”.

Манба.
“Миллий тикланиш” Таълим кодексини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Илғор жамият қуришда таълимнинг алоҳида ўрни бор. Қанчалик баландпарвоз эшитилмасин, тараққиётга фақат таълим-тарбия билан эришиш мумкин. “Миллий тикланиш” ҳам энг катта сармояни таълимга йўналтириш керак, деб ҳисоблаяпти. Хусусан, партия Таълим кодексини ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди.

Партия вакилларининг фикрича, кодекс таълим тизими ходимларининг ҳуқуқий кафолатлари, мажбурият ва имтиёзларини аниқ белгилаб беради, педагоглар мақомини мустаҳкамлаш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатишнинг янги механизмларини жорий қилиш имконини беради.

Япониянинг тез ривожланиб кетишига асосий сабаб деб айнан ўқитувчиларга вазир маоши, император обрўси ва депутат дахлсизлиги берилгани, дейишади-ку. Ўзбекистондаги ҳозирги малакали кадрлар муаммосини ҳал қилиш учун ҳам айнан яхши ўқитувчилар керак, бундай муаллимлар эса яхши шароитлар ҳамда юксак ҳурмат ва эътибор бўлган жойда ишлайди.

#sаylоv24
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 26 сентябрь куни Нью-Йоркда Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан учрашувда “ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги”ни таъкидлабди.

Чилонзордаги 188-мактабда юз берган ҳодисадан сўнг куни туғган Путиннинг Мария Захаровага ўхшаган лайчалари ва пропагандачилари томонидан Ўзбекистондаги миллатлараро вазият бўрттирилиб, ўзи йўқ нарса бор қилиб кўрсатилаётгани фонида вазиримизнинг бу таъкиди анча юмшоқ, лекин ғирт сукунатдан кўра мана шундай юмшоқ жавоб ҳам анча яхши.

Энди, вазиримиз – мамлакатнинг расман биринчи рақамли дипломати, дипломатлар эса бир-бирини мақтаб сўкади. Вазиримиз ўрнига бошқалар очиқчасига гапиряпти, гапириши ҳам зарур; оғир-вазминлик билан шундай гапирадиганлар кўпайиши, уларнинг гапиришига эса халал берилмаслиги керак.

Ва яна ўша гап – Россия Ўзбекистон ҳақида қайғурмай қўя қолсин. Ўзини эпласин аввал, ана, бир вилоятида иккинчи ойдирки бошқа бир давлат ҳукмрон – Россия кўпроқ шунинг ташвишини қилсин, ўша ердаги ўз аҳолиси ҳақида ўйласин, уларни қутқарсин, ўзбекистонликларни эса – улар қайси тилда гапиришидан қатъи назар – тинч қўйсин.

Ҳай, ўзбекистонликлар ҳақида ҳам жуда қайғургиси келаётган бўлса, Россияда ҳам ватандошларимиз кўп – ҳеч бўлмаса ўз қонунчилиги доирасида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминласин, масалан, ҳе йўқ, бе йўқ аэропортлардан қайтариб юбориш, рейд қилиб, тутиб кетиш, мажбурлаб урушга юбориш каби ишларини йиғиштирсин.
Экопартия “Барқарор экологик ривожланиш стратегияси”ни таклиф қиляпти

Ўзбекистон Экологик партияси “Барқарор экологик ривожланиш стратегияси”ни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу стратегия Ўзбекистон экологик муаммоларини ҳал қилиш ва табиий ресурсларни келажак авлод учун сақлаб қолишга қаратилган ҳуқуқий асос сифатида тақдим этиляпти.

Дунё тажрибасида ҳам экологик барқарорликка эришиш узоқ муддатли режаларни талаб қилади. Масалан, Европанинг баъзи давлатлари барқарор ривожланиш стратегиялари орқали табиий ресурслардан фойдаланишни аниқ тартибга солишга эришган. Бу масала Ўзбекистон учун ҳам муҳим.

Экологик муаммолар долзарблашиб, уларга ечим топиш зарурати тобора ортиб бораётгани боис экологияни яхшилаш ва барқарорлаштиришга хизмат қилувчи ҳар қандай ташаббус – бош устига. Фақат улар қоғоздагина чиройли, амалда қўл-оёқсиз бўлиб қолмаслиги ҳар томонлама пухта, келишиб тайёрланиши керак.

#sаylоv24
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Дипломатия университетида қизиқ иш бўлибди. Ички ишлар органлари ходимлари келиб, мажлислар залида талабалар билан гиёҳвандликка қарши кураш мавзусида учрашув ўтказган. Шу учрашувда, айтишларича, мана бу видеодаги йигит – чирчиқлик Дадажон туриб:

“Ўзбекистонда гиёҳвандликдан ҳам муҳимроқ муаммолар бор, масалан, сув танқислиги, нотўғри овқатланиш, Орол денгизи – лекин нега биз 5-синфдан бери гиёҳвандликка қарши курашамиз? Ундан катта муаммолар ҳақида қачон гапирамиз?”, дебди.

Гапининг давомида, қўшимча қилишларича, “бундан ташқари, сизлар ҳам жуда зерикарли гапиряпсизлар, бизга ёшлар тилида, ўзимизга мос қилиб гапирадиган одамлар келиб маъруза қилса, яхшироқ бўларди”, қабилида фикр билдирибди. Афтидан, шу иккинчи гап меҳмонларга ёқмаган, шекилли.

Тадбир тугагач, видеода кўриб турганингиздек, Дадажон “фикрини тўғри етказа олмагани учун” узр сўрабди. Мабодо, Дадажон ўз фикрини билдириш жараёнида ҳеч кимни сўкмаган ва ҳақоратламаган бўлса, менимча, уни узр сўрашга мажбур қилиш - ғирт жиннилик бўлибди.

Энди, бу борада бирор тадқиқот борми-йўқми, билмадиму, лекин бундай бўғавериш, фикрини очиқ ва эркин билдирса жазолаш, арзимас нарсалар учун узр сўрашга мажбур қилиш ёшларни руҳий жароҳатлаб, масалан, уларнинг гиёҳвандга айланиб кетишига асос бўлиб қолмасмикин, қизиқ. Энди-да.
Муҳрим
Дипломатия университетида қизиқ иш бўлибди. Ички ишлар органлари ходимлари келиб, мажлислар залида талабалар билан гиёҳвандликка қарши кураш мавзусида учрашув ўтказган. Шу учрашувда, айтишларича, мана бу видеодаги йигит – чирчиқлик Дадажон туриб: “Ўзбекистонда…
Ўрни келиб қолганида, яна бир гап.

Тошкентда яшайдиган бир сурхондарёлик йигит ўзи туғилиб ўсган ҳудуддаги ҳозирги аҳволдан, аниқроғи, Бойсун заволидан хавотирга тушиб, ижтимоий тармоқларда бир-икки фикр қолдирган экан. У фикрларни фавқулодда ўзгача деб бўлмайди, ўта танқидий ҳам эмас. Шу, эл қатори гаплар – Тошкентдаги бошқа сурхондарёликлар, хусусан, бойсунликлар, шунингдек, Сурхондарёдаги ва Бойсундаги аҳоли айтаётганидек: одамлар газ ҳидидан сал-пал қийналяпти, сал-пал ёрдам қилинса, айни муддао бўларди, сал-пал маълумот ҳам бериб турилса, янада яхши бўларди. Шугина холос. Давлатни, раҳбарларни “урмаган”, сўкмаган, “бир ойдан бери бу муаммони ҳал қилолмаётган мутасаддиларнинг боридан йўғи!”, деб бирор бузғунчилик ё вайронкорликни ҳам тарғиб қилмаган.

Ўша, Тошкентда яшайдиган сурхондарёлик йигитнинг Сурхондарёда қолган онасига телефон қилиб: “Биз Терроризмга қарши кураш бўлимиданмиз, ўғлингиз қаерда, нима қилиб юрибди, нималар деб ёзяпти, телефонини беринг, ўзи билан гаплашамиз”, деб безовта қилишибди. Энди, биламиз-ку – улар ўзига керакли одамнинг телефон рақамини унинг ота-онасини безовта қилмай ҳам топа олади, аниқроғи, уларда ҳамма ахборот бор. Лекин йўқ – айнан ота-онаси, оиласига телефон қилиб, хавотирга солиш керак. Шунчаликки, оиласи ҳалиги йигитга: “Сурхондарё нима бўлса бўлар, сан ҳеч қаерда ҳеч нарса ёзма, дамингни ҳам чиқарма!”, деб дўқ уриб, ақлини киритиб қўйсин. Сурхонда бехавотиргина юрган онанинг юрагига ғулғула солиб қўйишдан муддао шу.

Лекин, биласизми, Бойсундаги вазиятга жамоатчилик эътиборини қаратиш ва шу тариқа бойсунликларга бирор ёрдам ташкил этилишидан умидвор бўлган ўша йигитнинг Сурхондарёда бехавотир, хотиржам юрган онасига нисбатан Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан қилинган иш нима деб аталади? Терроризм. Ҳа, улар қилган иш – энг ҳақиқий терроризм.

Террорчи мақомини олиш учун айнан одам ўлдириш шарт эмас, ахир террордан асосий мақсад – шунчаки ўлдириш эмас, балки қўрқув уйғотиш. Она қўрқитилди, она бу қўрқувини боласига ўтказади, энди бола ҳам қўрқади – келаси сафар Бойсундаги кон эмас, ўз уйи портлаб кетса ҳам ғинг демайди. Террорчининг ўз ниятига етгани шу.

PS. Терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари йигитнинг ўзига ҳали ҳам қўнғироқ қилишмабди. Қилишмаса ҳам керак. Қилишмасин ҳам. Ҳеч биримизга.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Видеода – Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги 14-мактаб олдидаги тартибга солинмаган (яъни, светофорсиз) пиёдалар ўтиш жойида юз берган авария. Мактаб қоровулимикин, хуллас, шу мактабга алоқадор бир амаки қўлида қизил байроқча билан светофор вазифасини ўташи керак. Ўқувчилар ҳам шунга ўрганган. Йўлнинг нариги тарафидан келаётган 11 ёшли ўқувчи қиз ҳам, амаки байроқчасини кўтараётганини кўриб, йўлни кесиб ўта бошлаган. Шу вақт ўнг томондан катта тезликда “Кобальт” келиб, қизни уриб юборган (ҳайдовчининг байроқ кўтарган амакига норозилик билдиргани ортиқча).

Биринчидан, аҳоли (айниқса, мана шундай зич) яшаш пункти ичидаги икки ҳаракатланиш бўлаги (у томонга ҳам битта, бу томонга ҳам битта полоса)дан иборат бунақанги йўлларда автомобиллар тезлигини оширишига қарши жисмоний чекловлар қўйиб ташлаш керак. Йўл текис бўлсин, лекин ҳайдовчи тезликни соатига 40-50 кмдан ошира олмасин. Бунинг йўли осон: бунақанги маҳалла-ичи йўлларда пиёдалар ўтиш жойлари кўп бўлади (кўп бўлиши ҳам керак), ана шу ўтиш жойлари автойўлдан бироз баланд қилиб қайта жиҳозланиши керак. Намунани қаердан олишни билмасангиз, Тошкент Ситига боринг – у ерда Бульварга олиб борадиган пиёдалар ўтиш жойлари худди Европадагидек, йўлдан баландроқ қилиб қурилган.

Иккинчидан, ҳа, барча пиёдалар ўтиш жойларини бирданига Тошкент Ситидагидек қайта жиҳозлаб бўлмайди. Лекин ҳеч бўлмаса мактаблар олдидаги пиёдалар ўтиш жойларини – бошланишига мана шундай кичик ва ички йўллар бўйидаги мактаблар олдидаги жойларни - зудлик билан асосий йўлдан баландроқ қилиб, қайта қуриш лозим. Бу, менимча, светофордан арзон ва осон ечим, тезроқ ҳам қилиш мумкин. Бирор одам йўл бўйида қизил байроқча кўтариб туришига ҳам ҳожат қолмас – бундай тўсиқ олдида исталган автоҳаваскор тўхтаб ўтади, ахир унга бус-бутун, “соғлом”, эртага ортиқча бошоғриқсиз сотиш мумкин бўлган машина керак.

Нима қилиб бўлса ҳам, болаларимизни тўғри гапни тушунмайдиган, тезликсевар қоидаларга ва пиёдаларга тупурган ҳайдовчилардан ҳимоя қилишимиз керак.

UPD. Юқоричирчиқ ўрнига адашиб, Ўртачирчиқ деб ёзворибман. Узр сўрайман.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Tashkent City’да олти метрли ғайриоддий минора топилди – энг эътиборлилар бепул Yandex Plus обунасига эга бўлишлари мумкин. Уни олиш имкониятини қўлдан бой берманг. Шошилинг, минора тез орада ғойиб бўлади!

Реклама