ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар
3.01K subscribers
25 photos
506 links
Романлар очко ҳисобига ютса, ҳикоя нокаут билан ғолиб келади.

• Канал яратувчиси:
Нилуфар Обидова(Аржумандбегим)

• Боғланиш: @Arjumandbegimga_yozishbot
Download Telegram
Автовокзалда, ҳозир иссиқда одамларга қурут сотиб юрган кекса онахондан биттаси 5 минг сўмлик қурут сотиб олди. Онахон:
— Омин, тани жонингиз соғ бўлсин, пулингиз кўп бўлсин. Рахмат сизга, болам — деб дуо қиляпти.

Томоғимга бир нарса тиқилди.

Рамуш

Драбллар | қисқа ҳикоялар
#мухлислар_минбари рукнини кутаётганлар борми? 👀
"Иймон"

Номаҳрам қучоғида ётаркан, аста пичирлади:
— Қочиб туринг, мен бомдоднинг қазосини ўқиб келай.

Лолахон ОҒАБОЕВА

#мухлислар_минбари

Драбллар | қисқа ҳикоялар
ДАРД

— Илтимос, ошқозон оғриғига дори беринг.
— Мана, икки маҳал тўқ қоринга ичасиз.
— Бошқачаси йўқми?
— Яхшироғими?
— Оч қоринга ҳам ичса бўладигани…

Элбек Тилавов
Қашқадарё вилояти Касби тумани Пандирон қишлоғи

#мухлислар_минбари

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Ўғри
 

— Бекам, биздан нима айб ўтди?! Ҳайдаманг, мендек бир бевага раҳм қилинг, болаларим оч қолади! — деди хизматкор аёл, доимий ёрдамчиси, 16 яшар қизининг елкаларидан қучаркан.
— Мана, қизингизни чўнтагидан чиқди,— беканинг қўлидаги қимматбаҳо соат ярақлаб кетди.— Ўғлимга раҳмат денг, полицияга хабар беришимизни истамади...
Қиз кўз ёшларини яширди. Лабини тишлади...
Йигит эса чўнтагидаги ҳомиладорлик тестини пайпаслаб қўйди...

Мастура Абдураим қизи

#мухлислар_минбари

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Меҳнаткаш

Домла дарсда:

— Устоз, ишларимни бир кўринг.
Саволим бор эди

— Йўқ ,кўрмайман. Вақтимни олма, ҳаммаси хато. Бу жуда мураккаб масала. Сени бунга илминг етмайди. Бир қишлоқи бўсанг...

Домла минбарда:
Менинг бу йигитга кў-ўп меҳнатим сингган. Медални олиш осон бўлмади.
Бу йигитдан ҳали умидим катта. Бизни шогирт-да — деб "қишлоқи" йигитнинг елкасига қоқти .

Йигит эса домлани охирги марта қачон кўргани ҳақида ўйларди.


Динара Ғайипбаева

#мухлислар_минбари

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Аросат

Ғижимлаб отиб юборилган қоғозлар...
Нозик бармоқлардан тушган қаламлар...
Столга қўйилган бош...
Ёш оқаётган кўзлар...
Титраётган лаблар...
— Бошқа сен ҳақингда ёзмайман, — юракдан отилиб чиққан оғриқли сўзлар...

Лолахон ОҒАБОЕВА

#мухлислар_минбари

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Ниҳоят 3 минг обуначи бўлдик! 🎉

300 минг ҳар хил савиядаги обуначидан, ўрганишдан тўхтамайдиган шу 3 минг зиёли обуначи афзал!

Каналдан чиқиб кетиш йўқ, биз ҳали энди бошладик! 😉
Вафо

Она вафот этди, на чора, бир йилга қолмасдан янги онали бўлишди.

Ота вафот этди, етим қолишди...

Кумуш Абдуллаева

#мухлислар_минбари

👉🏻 Драбллар қисқа ҳикоялар
Урф-одат

Тўй дабдабали ўтди. Келинчак бундай бахтни ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Ҳайҳотдек ҳовли жой, кўп қаватли данғиллама уй, қўша-қўша машиналар...
Энди тўйдан кейин охирги урф-одатларни ўтказишаётганди. Қимматбаҳо зеб-зийнатларга бурканган бахтиёр келинчак келин саломни тугатди. Уй хизматчисининг эса жавобини бериб юборишди...

Мастура Абдураим қизи

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар
АЁЛ ҚАЛБИ

Аёл эридан қаттиқ ҳафа бўлиб қовоғини уйиб олди.
— Ўзим олмасам, ҳечам олиб бермайсиз,— деди қўлидаги қимматбаҳо  атирни кўрсатар экан.
Эркак сониялар тараддудланиб қолди. "Эҳҳеэй,буни пулига бошдан-оёқ кийинса бўладику. Қирққа кирибам, бу хотинни ақли кирмади-да. Нима керак экан-а шу... Энди аразлагани ортиқча. Нима десам экан" деб ўйлади-ю, ташига чиқармади. Кейин қувлик билан хотинининг қулоғига шивирлади:
— Ўзингни табиий ифоринг ёқади менга!
Қошларини чимириб ўтирган аёлнинг шу заҳоти юзи ёришиб, кўзлари қувончдан порлади. Эрига меҳр билан термулиб, атирни жойига қўйди.
"Худога шукурей қутулдим!"— ўйлади эркак.
"Билгандим! Ҳали ҳам севади!" — ўйлади аёл.

Мастура Абдураим қизи

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Қиз

— Қизим контрактга кирса ҳам ўқитаман. Муҳими ўқисин — эр аёли билан суҳбат бошланса доим шундай дерди.
Кунлар ўтди. Имтиҳон бўлди. Мандат чиқди. Қиз ўқишга кирди. Конткакт. Отасинг дўстлари зиёфатга келишди.
— Қизингни ўқитмоқчимисан? — гап ўқиш ҳақида очилиб кетди.
— Ҳа, насиб қилса — шишадаги ароқни охирини косасига қуйди.
— Қиз болага ўқишнинг нима кераги бор? Нима аҳмоқмисан? Қиз бола боши билан шаҳарга юбормоқчимисан? Ҳар хил одам бор-а? Худо сақласину битта яримтасига илакишиб кетса…
— Тағин контракт, каппанг куяди дўстим.
— Шунча йил пул тўлаб ўқитасан, барибир бошқага бериб юборасан-ку. Ўғил бола бўлса экан, чиққан пулларингга ачинмасдинг. Қиз боладан фойда йўқ сенга.
Бири олиб, бири қўйиб отанинг фикридан қайтаришди. Тун яримлаганда бир қизнинг келажагини, орзу-мақсадларини “ўғирлаган“ дўстлари ўз уйлари томон йўл олишди.

Лолахон ОҒАБОЕВА

👉🏻
Драбллар — қисқа ҳикоялар
Туғилган кун

— Аҳволинг яхшими, ўғлим?
— Яхшиман, тинчликми ишқилиб, бирор гап бўлдими, она? Ўзингиз саломатмисиз?
— Яхшиман, Худога шукр, шунчаки овозингни эшитгим келди.
— Шугина учун ярим кечада қўнғироқ қилдингизми? Ахир соат уч ярим. Эрталаб гаплашишимиз мумкин эди-ку?
— Безовта қилдимми, ўғлим?
— Бўлмасам-чи , она, безовта қилдингиз.
— Ўттиз йил олдин сен ҳам мени мана шу вақтда безовта қилгандинг, болам, туғилган кунинг муборак бўлсин.

Усканбоева Мафтуна

#мухлислар_минбари

Драбллар | қисқа ҳикоялар
"ТУЗОҚ"
 
Аёл қора мушук кесиб ўтган йўлидан ортига қайтди ва чорраҳада ширакайф ҳайдовчи бошқараётган юк машинасига дуч келди...  

Мастура Абдураим қизи

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Маош

Яхши-яхши жойлардан келаётган совчиларни қайтариб чарчамаган Она 30 ёшли қизини ойлигини санаркан:
— Қизим ҳали ёш, ўқисин, ишласин, оила деган бўлаверади — деб қўйди.

Лолахон ОҒАБОЕВА

Драбллар | қисқа ҳикоялар
БИР ОЁҚЛИ ҒОЗ

Жуҳо подшоҳнинг ошпази экан. Бир куни подшоҳ унга ғоз пиширишни буюрибди. Ғоз пишгач, Жуҳо ғознинг бир оёғини еб қўйибди ва қолганини подшонинг олдига қўйибди.
— Бу ғознинг бир оёғи қани? – деб сўрабди подшоҳ.
— Ғозлар бир оёқли бўладилар-да, – дебди Жуҳо ва ўз сўзига ишонтириш учун подшоҳни кўл бўйига бошлаб борибди. Қарашса ғозлар бир оёқда дам олиб туришган экан.
— Ана, кўрдингизми? – дебди Жуҳо.
Подшо таёқни олиб ғозларга отган экан, улар икки оёқлаб қоча бошлашибди.
— Ғозлар икки оёқли экан-ку? – дебди подшоҳ.
— Ахир, подшоҳим, сизни ҳам таёқ билан қувлашса тўрт оёқли бўлиб қочардингиз, – дебди Жуҳо.

Драбллар | қисқа ҳикоялар
ПАЛТО

Аёл сақичдай қора, кумушдай товланаётган мўйнали палтони кийиб, ўзини ойнага соларкан, чарос кўзлари яшнаб кетди, лекин дарҳол лабларини қимтиб, тўқ қизил, савлатдор диванда газета варақлаб ўтирган эрига оҳиста, ишвали оҳангда сўз қотди.
— Ярашдими, дадаси?
Эр бир-иккита оқ оралаган, қуюқ сочли бошини хиёл кўтарди, симобранг гардишли кўзойнаги тепасидан бирров назар ташлаб: «Ярашди, жуда ярашди!» деди-да, ўз юмушида давом этди.
Аёлнинг ҳилолсимон қошлари чимирилди: «Пандавақи. Ақалли қайси пулингга олдинг ҳам демайди-я...»

Қамчибек Кенжа

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
ЯХШИ ХОТИН

— Мухторжон, нима гап? Уйда жанжал бўлдими, дейман?
— Хотин билан яна озгина жанжаллашдик-да, оқсоқол.
— Жанжал қилдингми ё келинни урдингми?
— Шу, тили чаён. Гап қайтарганида оғзи ёпилмайди. Шунга урдим.
— Урганингда хотининг кўчага қочдими ё уйга кирдими?
— Ўзини дарров уйга урди, оқсоқол. Нимайди?!.
— Гап қайтариш хотинларга теккан бедаво касал. Энди хотинни урма, бола. Қайтиб қўлингни теккизма, келин яхши хотин бўлади.

Ашурали ЖЎРАЕВ

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
«Майлику-я»

У маҳалла раиси олдига келиб ўзини ночордан олиб ночорга солди ва моддий ёрдам сўради.
— Қўлдан берганга қуш тўймайди, ука, − деди раис. − Яхшиси юзта товуқ олишингга кўмаклашаман. Кунига 70-80 тадан тухум туғсаям рўзғорингга барака киради, сотиб, пул топасан. Товуқ етти хазинанинг бири, ахир.
— Майлику-я, − деди у чайналиб. − Лекин ҳовлимда товуқ катагим йўқ-да...
− Унисигаям кўндим, − оқсоқол ён босди. − Иккита йигитга айтаман товуқ катак қуришингга ёрдамлашади. Бўладими?
— Майлику-я, − у яна чайналди. − Бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон, деганларидай, юзта товуқни қандай боқаман?
— Бу ёғини ўйлама, − раиснинг энсаси қотсаям сездирмади. − Тўрт-беш кунга етадиган ем топиб бераман.
— Майлику-я, − баттар чайналди у. − Аммо тўрт-беш кундан кейин нима қиламан? Товуқ боқишнинг ўзи бўладими?
Раиснинг жаҳли чиқди:
— Унда кетавер. Товуқларни катаги бор, дон-дун топадиган бошқа оилага берамиз. Бўладими?
— Майлику-я, моддий ёрдам-чи? Моддий ёрдам нима бўлади?
— Моддий ёрдам сенга тўғри келмайди!.. Сур ғалтагингни...
У ўша куннинг ўзида раиснинг устидан шикоят ёзди...

Лола Ўроқова

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
“Қўрқув”

Франсиядаги сиёсий тузумни ағдариб, ҳокимият бошига келишни ўзига мақсад қилган бир қанча бир-бирига қарама-қарши гуруҳлар бутун Парижни қамал қилган. Кун-у тун Париж кўчаларида тинимсиз қурол ўқлари изғир, ўқлар зарбига уй деворлари бағри қалқон эди. Гўё дод солганча деворлар тўкила бошлар, дераза ойналари парчаланиб, гўдакдек чинқирарди тинмай.
 Ана шундай нотинч даврнинг кунларидан бирида жажжи бир болакай уй деворларига биқинганича ўта эҳтиёткорлик билан кетиб борар, ортига эса матога ўраб қўйилган ниманидир яширганича ўзи билан олиб олганди. Кўчанинг ҳар бир ерига эҳтиёткорлик билан кўз югуртираркан, шундан кейингина аста қадам ташларди. Бу ҳолни синчиковлик билан кузатиб турган бир неча ўспирин ёшдаги болакайлар уни мазахлаганча қичқира бошлашди: “Қуёнюрак!”
Шунда икки ўспирин бола болакайнинг икки қўлидан торта бошлайди, яна бири эса унинг ортидан туртганча кўчанинг қоқ ўртасига судраб келишади. Болакай типирчиларкан:”Қўйиб юборинглар!” — дея қичқирарди.
— Сен қўрқоқсан! Қуён юрак!, — дея болакайни ҳақорат қилишади.
Шу он кутилмаганда қаердандир милтиқдан отилган дайди ўқлардан бири ғўнғиллаб келиб болакайнинг боғлиқ тугунига урилади. Тугун ичида эса нимадир тарсиллаб синиб кетади.
“Нима қилиб қўйдинглар! Энди дадамга ейишлари учун нима олиб бораман?”, — дея ҳўнграб йиғлаб юборади болакай.
— Даданг қаерда? - ҳайратда сўрашади болалар.
— Мудофаа деворлари ортида, урушда. Уйимиздаги сўнгги ушоққача унинг хузурига элтмоқчи эдим.
Шу сўзларни аччиқ ўкинганча айтаркан, болакай ҳуштак чалиб дайдиётган ўқлар тўфонига қарамай сочилиб кетган картошка ва нон бўлакларини териб олди, сўнг ҳеч бир ҳадиксиз мудофаа деворлари ортига, дадасининг ҳузурига шахдам қадам ташлаб йўлида давом этади. 

Виктор Гюго

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар