ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар
3.04K subscribers
25 photos
506 links
Романлар очко ҳисобига ютса, ҳикоя нокаут билан ғолиб келади.

• Канал яратувчиси:
Нилуфар Обидова(Аржумандбегим)

• Боғланиш: @Arjumandbegimga_yozishbot
Download Telegram
Эшик ортидаги оғриқлар…
ТурМУШ

Эшик очилди. Аёл остонада гўдагини бағрига босганча, кўкарган кўзлари билан мўлтираб турарди:
— Ойижон, илтимос, бу гал мени қайтариб юборманг…

Аржумандбегим

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Сепли келин

Эшик очилди. Қайнона уч кунлик келинини қўлидан судраганча қудасининг ҳовлисига олиб кирди:
— Мана қизингиз, олинг. Бизга бундай тарбиясиз келин керак эмас!

Дарвоза қаршисига икки катта юк машинаси тўхтаб, келиннинг қимматбаҳо сарпоси туширила бошланди.

Аржумандбегим

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар
Шафқатсиз танлов

Эшик очилди. Суд залига болакай олиб кирилди:
— Болажон, ким билан қолишни хоҳлайсан, отанг биланми, ёки онанг биланми?

Аржумандбегим

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар
Аччиқ ҳақиқат

Эшик очилди. Болакай уст-боши чанг, сумкасини судраган кўйи бир оёғини зўрға босиб уйга кирди:
— Ойи, ростини айтинг, дадам бизни ташлаб кетганми?

Аржумандбегим

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Ҳикоялар кайфиятни тушириш ёки кўтариш учун эмас, хулоса чиқариш учун бериб борилмоқда.

Афсуски, атрофимизда шундай инсонлар бор. Қилаётган ишлари қандай аянчли оқибатларга сабаб бўлаётганини кўрсин (ўқисин).

Ҳар бир мақом( оталик, оналик…)нинг ўз бурч ва мажбуриятлари бор. Эплай олишингизга кўзингиз етса, ҳаракатни бошланг. Аксинча бўлса, кимнингдир қизи (ўғли)нинг, унинг ортидан бегуноҳ фарзандларнинг уволига қолманг!

Инсонда ҳар доим танлаш учун икки йўл бўлади…Ақлингиз билан иш кўринг.
Афсус

Аёл саройдек ҳовлисида қорнини ушлаганча собиқ севгилисига “Пулсиз бахтли қилолмайсиз” деган гапини эслади-ю, кўкарган кўзидаги ёшни артди…

Динара Ғайипбаева

#мухлислар_минбари

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
​​#талабларга_биноан_ҳазил

Йигит ва қиз боғдаги ўриндиқлардан бирида ўтиришарди. Кун иссиқ. Қиз елпинганича деди:
— Жоним, кола олиб келиб беринг.
Йигит дарров ўрнидан турди ва сўради:
— Пепси ичасизми колами?
— Кола.
— Бутылочныйми, баклажкаликми?
— Баклажкалиик.
— Каттасиданми, кичкинасиданми?
Қизнинг асаби таранглашиб, ранги бўзара бошлади.
— Кичкинасидаан.
— Оддийсими, Зеросими?
Қиз бақириб юборди:
— Бўлди, кола ичмайман, оддий сув олиб келинг.
— Хўп, газлими газсизми?
— Газсиииииз!
— Илиқроғиям бўлаверадими, муздек бўлсинми?
— Йўқоолл!!!
— Юриб кетайми, югурибми?
— Уриб юбораман ҳозир!
— Қўлингиз биланми, сумкангиз биланми?
— Ҳайвон!
— Итми, мушукми?
Қизнинг ранги энди оқара бошлади.
— Ўлдираман ҳозир!!!
— Пичоқ биланми, болта биланми?
— Пичоқ билан!
— Бўғизлабми, чавақлабми?
Қиз хушидан кета бошлади.
— Докторга олиб борайми, доктор шу ерга келсинми?
Қиз бутунлай хушидан кетиб, ўриндиққа суяниб қолди. Йигит қизнинг бошини ушлаб кўтариб, сўради:
— Баландроқ кўтарайми, пастроқми?
Жавоб бўлмагач, йигит буни қизнинг нозланиши деб ўйлади-да, кола олиб келгани юриб кетди. 😁

© Ҳабибуллоҳ ЗИЁДОВнинг "ФБ" профилидан олинди.

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар
Камбағал

— Хотининг туғмас! Ажрашасан!
На эплаб иш қилади, на бола туғади .
Бунинг ўзиям, этагиям — камбағал!
— Ойи...

Эшик ортида 1 йиллик келинчак лабини тишлаганча йиғларди…

Динара Ғайипбаева

#мухлислар_минбари

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
ЯХШИ АМАКИ

— Жуда яхшисиз-да, амаки! Сиз келган куни ойим кун бўйи кўчада ўйнашимга рухсат берадилар...

Муҳаммадхон Юсупов

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Ура! Бир ойлик таътил тугади!

Кутган барчага ассалому алайкум! 🫶🏻
ҚИЙМАТ
 
— Сиз мендан кўп нарса сўраяпсиз.
— Наҳотки? Мен фақат бирозгина вақтингизни оламан, холос.
— Ана!

Мухаммадхон Юсупов

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар
Нур

Сайди ака отадан ёш етим қолди. Орқасидан тоғаси, акаси, яна бир нечта қариндоши бирма-бир у дунёга риҳлат қилди. Сайди аканинг онаси эзилиб кетди. Кўзимгаю қалбимга қувонч бўлсин дея ўғлини ёш уйлантирди. Бир йил ўтар-ўтмас ўғил набирали бўлди. Йўқотганларимнинг ўрнини тўлдирди деб уни эркалади. Тарафкаши бўлди, халоскори бўлди — ота-онаси оддийгина танбеҳам беролмади. Катта бўлган сари эркалашларнинг натижаси кўринар — арзанда такасалтангга айланиб борарди. Боланинг ҳолини кўрдию буви ҳам набирани ота-онасига топшира қолди:
— Болангга яхшилаб тарбия берсанг бўлмайдими?! Кимга тортган бу, биздан ҳали бунақа бетутуруқ чиққани йўқ!
Кўча боласига айлантирилган бола ота-онасига бўйсунармиди...
Кўп ҳунар кўрсатди. Уйланибам — худди ипини узган буқадай — кечалари кўча дайдир, уйдан чиқиши билан телефонининг антеннаси ўчадиган бўлди.
Фарзандли бўлди. Ширингина ўғил кўрди. Бобосининг жону дили бўлди. Бобоси билан кун ўтказарди.
Сайди ака бир куни ўғли билан экинларга қараркан, ўйнаб юрган неварачасига тешача билан келди. Дадасининг ёнидан гўёки ишлай бошлади. Дадасига қаради, чопиқ қилинган экин тупроғини картошка юзига тортяпти. Ўзича дадасига тақлид қилиб ишлай бошлади. Тешача билан тупроқ тортди. Сайди аканинг эса юзига табассум югурди:
— Хайрият, энди уйда ҳеч ким бўлмасаям хавотир олмасамам бўлаверади. Мабодо кимларгадир қўнғироқ қилиб тушолмасамам ёнимдан ажралмайдиган одам тупроқ тортишни билади...

Ғиёсхон Умархонов

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Лой кўчада

Тандзан билан Экидо исмли икки роҳиб ёмғирли кунда лой кўчадан боришарди. Ёмғир челаклаб қуярди. Улар тўсатдан ипак либосга ўранган ёқимтой бир қизни кўриб қолишди. Соҳибжамол йўлни тўсиб,билқиллаб турган кўлмакдан қандай ўтишни билмай,саросимада тўхтаб турарди. Тандзан «Қани, ёқимтой!» деганча, қизни даст кўтариб кўлмакдан ўтказиб қўйди.

Экидо бутун йўл давоми бошини эгиб олганча, миқ этмай йўл босди. Фақат оқшом тушиб,йўл четидаги ибодатхонада тунаш учун тўхташганда,ортиқ чидолмай Тандзанга заҳрини сочди:

— Биз роҳиблар аёл зотига,айниқса бунақа соҳибжамол қизларга умуман қўлимизни тегизмаслигимиз керак,бу жуда хатарли эканини биласанми? Нима учун шу ишни қилдинг?

— Мен-ку, қизни ўша жойда қолдириб келдим, – деди Тандзан нимтабассум билан. – Сен бўлсанг уни ҳалиям кўтариб юрибсанми?

Шоҳсанам таржимаси

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар
Ҳасад

Йигит ногирон эди. Расо қизни севиб қолди. Унга эришиш имконсиз... Аммо мўъжиза содир бўлди. Қаршисида пайдо бўлган Ҳизрни кўриб йигит шошиб қолди.
—Муҳаббатингга етасан, бўтам. Тила тилагингни!
Ҳизр йигитдан «оёқларим юриб кетсин», деган истакни кутганди. Бироқ унинг тилидан:
—Суйганим ҳам юролмай қолсин, – деган сўзлар учди…

Нодирабегим Иброҳимова

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Таъзия

— Дадаси, қўшни қишлоқдаги Маматурсун ўтиб қолибди. Тазияга бақириб юришибди.
— Қайси Маматурсун?
— Ўғри Маматурсун бор-ку. Ўн йиллар олдин қўйимизни ўғирлаб кетуди. Ўзиям роса…
— Ўчир овозингни. Бор дўппимни олиб чиқ…

Жамшид Чўмич

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
КИТОБ

У китобдан турфа усулларда фойдаланди. Тандирни ёқиш учун тутантириқ қилди. Писта сотиш учун ишлатди. Асабига тегаётган пашшаларга қарата қурол ҳам қилди. Ўғилларига «самолёт» ясаб берди. Ҳатто хожатхонада ҳам фойдаланди... Аммо бирор марта ўқиб кўрмади.

Нодирабегим Иброҳимова

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
САДАҚА

Йигит шошиб келарди. Кўзи йўл четида турган ёш болали тиланчи аёлга тушди. Боласи очликдан тамшаниб йигитга мўлтираб боқди. Йигит тўхтаб қолди. Чўнтагидаги ғижим пулни шундоқ олдида, болачанинг кир қўлларига тутди.
Тағин йўлида давом этди, аммо қаерга боришни билмасди. Бу пул унинг дори олиш учун уйидан олиб чиққан сўнгги пули эди…

Камолиддин Шукур

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
Қирқ бешинчи гуноҳ

Аёл ойна олдига келди. Ўзига ҳафсала билан оро берди. «Чиройлиман, манаман деганни ақлдан оздираман,» ўйлади ўзича ва қип-қизил лабларини чўччайтириб ўзини ўзи расмга олди. Кейин сап-сариқ сочларига зеб бериб, уларни ҳудди тийиқсиз туйғуларидек елкаси узра ёйиб юборди. Энди бемалол учрашувга борса бўлаверади. У уч жуфт мўлтираб турган нигоҳларга эътибор бермай, уларнинг устидан қулфлади. Эри мусофирликда, узоқ элларда тирикчилик деб юргани ҳам унинг виждонини уйғотолмади. Аёл соллана юриб катта кўчага чиқиб, ноз билан улов тўхтатмоққа чоғланди. Қоп-қора зулукдай машина ёнига чийиллаб тўхтаганида қошини чимириб қўйди. Манзилни айтди. Аммо ярим йўлга борганда, машина умуман бошқа томонга кета бошлади. Аёл: «Мени қаерга олиб кетяпсиз, тўхтатинг машинани,»- деб бақирди. Аммо ҳайдовчи ишшайганча унга бир қараб қўйди-ю, машинани қушдек учирди. Машина йўл четидаги тўсиққа урилганида йўловчи ҳам, ҳайдовчи ҳам жонсиз ётар, қандайдир йўл билан ишлаб кетган радиодан эса:«Қирқ бешинчи гуноҳи кабиралардан бири ўзини кўз-кўз қилиб юрадиган аёллардир,» деган сўзлар эшитилди...

Саида Ибодинова

👉🏻 Драбллар | қисқа ҳикоялар
​​Хиёнат

Қуёш қаёқдан чиқди, билмайди. Томдан тараша тушгандай, эри келдию умр замонида биринчи марта “Юр, сени кинога олиб тушай!” деб қолди.
Кино ҳар галгидай севги-муҳаббат, романтика эди. Иккаласи ҳам экрандан кўз узмай ўтирарди.
– Хотин бўлса, шундай бўлса-да! – ўйлади эр ва хотинига ўғринча қараб, афти буришди. – Мана бунинг юзига қараган одамнинг лабига учуқ чиқади.
– Келишган йигит экан! – деди хотин ва қўпол, хунук, ношуд эрига зимдан қараб, энсаси қотди. Аста хўрсинди. – Эҳ, ёшлик пайтимга қайтиб қолармидим...

Байрам ОҒА

👉🏻
Драбллар | қисқа ҳикоялар