Муҳрим
13.3K subscribers
626 photos
241 videos
1 file
1.66K links
Мурожаат учун — @muhrimchatbot

Тижорий таклифлар учун — @VenkonPRsales
Download Telegram
Дўстим Диёр Имомхўжаев раҳбарлик қиладиган Профессионал футбол лигасининг мақтовга лойиқ ишларини эътироф этишдан уялмайман (менинг назаримда баҳслидек кўринган қарорлар чиқарганини кўрганимда жим турмаганимдек – буниси ҳам айтиш керак-да энди). ЎзПФЛнинг ҳозирги жамоаси бир нодавлат ташкилот мисолида Ўзбекистонда ҳам шаффоф ишлаш, боқимандаликдан қутилиш, “Ўзбекистонда қилиб бўлмайди, Ўзбекистон ҳали тайёр эмас” дейилган янгиликларни жорий этиш, қонунбузарликларга қарши курашиши, энг муҳими, ташкилот ўзи чиқарган қоидаларга ўзи ҳам бўйсуниб ишлаши мумкинлигини исботлади; буни аввал ҳам кўп айтганман, ўрни келса айтаман. Албатта, атрофда – чапда, ўнгда, тепада, пастда ишнинг белига тепишга шай қудратли кимсалар йўқ эмас, улар бўлмаса ПФЛ ҳозиргидан-да каттароқ ютуқларга эришган бўларди, лекин шу вазият ҳам ПФЛ фойдасига – шундай мураккаб вазиятда ҳам ўзини эплаяпти, боқиманда бўлмаяпти, ўз аудиторияси олдида ҳисобдор.

Боқиманда бўлмаяпти деганда ПФЛ ўзи учун, ўзи ўтказаётган мусобақалар учун ўзи, мустақил равишда ҳомийлар (= пул) топа олаётганини назарда тутяпман (бунда ҳали трансляциялардан келадиган пул ҳисобга олинаётгани йўқ). Масалан, ПФЛ ўтказадиган энг катта ва асосий мусобақа – Ўзбекистон Суперлигасига охирги бир неча йил “Кока-Кола” ҳомийлик қилди, ундан аввалроқ “Пепси” ҳомий эди. Мақоми бўйича Суперлигадан қуйи турувчи лига – Про-лигага бир мавсуммикин “Вольксваген” ҳомий бўлди. Бу йил “Кока-Кола” Ўзбекистон Кубогига, “Артел” эса Ўзбекистон Суперлигасига ҳомийлик қиляпти. Билишимча, ПФЛ ҳозир ҳам нафақат бу йилги, балки келаси йилги бошқа мусобақаларга ҳам ҳомийларни жалб қилиш устида ишлаяпти. Ибратли томони, бу ҳомийлар қандайдир маъмурий воситалар, ноқонуний йўллар билан жалб қилинаётгани йўқ. Ҳомий бўлган компаниялар бу ишидан манфаат топяпти. Шунинг учун “Кока-Кола” неча йилдан бери ПФЛ билан ишлаяпти, шунинг учун, мана, “БМБ Ҳолдинг” деган компания ПФЛ билан ҳамкорлигини, ўтган йилгидан қимматроққа тушса ҳам, яна бир йилга узайтирибди. Ўз хоҳиши билан, брендининг рекламасини ўйлаб, ўзи хоҳлаб.

Энди, кимдир айтиши мумкин, “бу ҳомийлар орасида халқнинг фаровонлиги ҳисобидан берилган ҳар турли имтиёзлар шарофати билан шишганлари қанча”, деб. Лекин бошқа савол ҳам бор-да – Ўзбекистонда бошқача бир шароитда катталашган бирор тижорий ташкилот борми ўзи? Бирданига ҳаммани бир қозонга ташлаш ҳам тўғри эмас, албатта, лекин ҳадеганда хаёлга бирор компания номи келмаяпти. “Ўзбекистонники бўлмаса, четдан топсин ҳомий” десангиз, минтақамиздаги футбол лигаларнинг ҳомийларига қараб, ҳозирча биз тарафлардаги профессионал футбол фақат букмекерлик компанияларига қизиқ экан, деб ўйлайсиз. Қизиқ бўлганда ҳам шунчаликки, ўша колаю артеллар бирга таклиф қилаётганидан ҳам кўпроқ пул тикишга тайёр. Лекин бунинг учун аввал Ўзбекистонда букмекерлик қонунийлаштирилиши керак, лекин бу ҳозир ўзбекистонликлар қонунийлаштирилишини кутаётган энг зарур фаолият тури эмас. Қонунийлаштирилмаса ҳам майли.

Хуллас, ПФЛни мақтамоқчи эдим – ўзи ўтказаётган мусобақаларни жозибали қила олди, шу жозиба билан кейин пулдор ҳомийларни жалб қила олди ва яна жалб қилмоқчи. Охир-оқибат боқиманда эмас, ўзи ўтказаётган мусобақаларда қатнашаётганларга пул тўлайдиган мафтункор ташкилот бўлмоқчи. Менимча, бу зўр режа ва бу режанинг амалга ошишидан Ўзбекистон ютади. Камида Ўзбекистонда ҳам шундай қилиш мумкинлиги исботланганидан.
Бир замонлар Тошкентда технологик жиҳатдан илғор ишлаб чиқаришлар кўп бўлган. У ишлаб чиқаришлар ўзи тадқиқотлар ўтказиб, ўзи кашфиётлар қилиб, яна ўзи маҳсулот ишлаб чиқараверган. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-текшириш институти – шулардан бири.

Ўша замонларга хос таомилга кўра, илмий-текшириш институтининг ҳудуди бепоён бўлган. Лекин у замонлар тугаб, бошқа замонлар бошлангач, институт ҳаробазорга айланган, унинг ҳудуди эса бошқа, майда ишлаб чиқаришларга ё ижарага, ё хусусийлаштириб берилган.

Бундан беш йил аввал, 2019 йил апрелида ўша институт еридаги янги замон заводларидан бири – “Молочная кухня” корхонасини давлат судга берганди. Давлат ўшанда бу корхонани ёпмоқчи, аниқроғи, собиқ вакцина институти ҳудудидан уни ҳайдаб чиқармоқчи эди.

Ўшанда давлат бу корхонани собиқ вакцина институти ҳудудидан ҳайдаб чиқариш учун қандай сабаб келтирганди? Айтгандики, институт ҳудудида устидан ҳар турли тажрибалар ўтказилган, заҳарлаб ўлдирилган. ҳайвонларнинг қабристонлари ва Беккари ўралари бор, бу ерда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш мумкин эмас. У ерда шундай заҳарли нуқталар борлигини давлатнинг СЭС деган ташкилоти ҳам тасдиқлаган, кадастр ҳужжатларида ҳам бўлган.

“Молочная кухня”га қарши бу иш кейинроқ бирдан – шу институтнинг тўла ҳудуди берилмаса бўлмайди деб тахмин қилинган Беларусь фармацевтика компанияси унга бунчалик катта майдон керак эмаслигини билдирганидан кейинми ёки умуман инвестиция киритишдан бош тортганидан кейинми, тўхтатган.

Орадан беш йил ўтиб ўша жойда яна можаро. Бу сафар собиқ институт ҳудудига кўз тиккан, кўз тиккан нимаси, у ерда турар жой мажмуаси қурилишини бошлаб бўлган қурилиш компанияси билан унинг атрофида яшовчи аҳоли ўртасида можаро. Иш судгача бориб етган. 19 февраль куни апелляция шикояти ҳам рад этилган.

Аҳоли судга шикоятида “бундан беш йил аввал давлат бу ерда ҳайвон қабристонлари бор, бу ерда ҳатто сут ишлаб чиқариш мумкин эмас деганди, шундай жойда қандай қилиб турар жой мажмуаси қуриш мумкин?”, деб савол қўйган. Аксига олиб, орадан беш йил ўтиб СЭС у ерда “ҳеч қандай ҳайвон қабристони йўқ”, деб айтган, кадастр ҳужжатларида ҳам ҳалиги қабристонлар йўқолиб қолган.

2019 йили СЭС топган ва кадастр ҳужжатларида ҳам бўлган бояги ҳайвон қабристонлари ва Беккари ўраларини орадан беш йил ўтиб топиш учун Бош прокуратура махсус ишчи гуруҳ тузган, лекин шунча қидирса ҳам тополмаган ва бу ерда бемалол турар жой мажмуаси қуриш мумкин, деган хулоса берган.

Аҳоли судьяга 1957 йилги харитани кўрсатган – унда ҳайвон қабристонларининг тахминий жойлашуви кўрсатилган экан. Судья кўриб чиқишни ҳам хоҳламай, қурувчи ташкилот фойдасига қарор чиқариб берибди.

Алишер ака айтганидек - полотно.
Аввалига “Ўзавтомоторс” ўзи учтагина қолган хамёнбоп мошиналарининг нархини “хитрлик йўллари” билан, ҳеч кимга билдирмай ошириб қўйган. Одамларнинг ўзи бу ҳақда гапирмагунича ўзи лом-мим дегани йўқ. “Ониксни олинг, осонроқ олинг!”, деб жар солишни биладиган корхона арзон мошиналар нархини оширишга келганда соқов бўлиб қолган.

“Ошармиш, ошармиш!”, деган гаплар чиққач, “Ўзавтомоторс” “хизмат сифатини ошириш” ниқоби остида ўша уч хилгина қолган арзон мошиналари нархини оширишини инкор қилмади. Ҳатто қайси мошин неча пулга қимматлашаётганини ҳам билдирди (масалан, автомат-коробка Кобальт нархи ҳозирги 146,7 млн сўмдан 156,5 млн сўмга ошаркан).

Кейин нимадир бўлди шекилли, биродарларимиз “Ўзавтомоторс” нархларни ўзи оширганини ўзи инкор қилди”, деган гапларни ёзиб чиқа бошлашди – малика Будурнинг отасига маслаҳат берадиган донолар доносининг гапларига ўхшаш “Ўзавтомоторс” баёнотига таяниб.

У баёнотга кўра, биринчидан, ҳозир “Ўзавтомоторс”да сотиладиган мошинанинг ўзи йўқ, шунинг учун, иккинчидан, нархлар ошиши ҳақидаги гап-сўзлар инкор қилинади (нега уч-тўрт соат аввал инкор қилинмай, тасдиқланганди - буниси номаълум), лекин, учинчидан, 2024 йилнинг охирги уч ойи учун шундай ҳисоб-китоб қилинганки, ҳозир нархлар ошиши инкор қилинса ҳам, октябрларга бориб нарх барибир ошади. Тўртинчидан - бу гап “нархлар ошиши инкор қилинди” деган гапга мутлақо тескари бўлса-да - ҳозирча нархларни ошириш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган, лекин, энг муҳими, шундай ният бор - ҳозирдан қилинган ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йилнинг тўртинчи чорагига бориб, “хизмат сифатини ошириш”га қаратилган ишлар доирасида нархлар камида 3,5-6,7 фоизга ошади.

Шундай қилиб, “Ўзавтомоторс” нархларни оширишини инкор қилдими? Йўқ, албатта. У фақат бир нарсани – нархлар атиги 3,5-6,7 фоизга оширилишини инкор қилди, холос. Яъни, нархларни атиги 3,5-6,7 фоизга ошириш бўйича ҳали тайинли бир қарорга келинмаган. Нархлар албатта оширилади ва, катта эҳтимол билан, каттароқ фоизларда оширилади.

Нима қилмоқ керак? Импорт автомобилларга растаможкани бекор қилиш керак. Автомобиль бозоримиз дунёга тўлиқ очилиши керак. Сўзим охирида “Йўқолсин, Ўзавтомоторс!” дегим ҳам келяпти, лекин бозоримиз очилса, бундай дейишга ҳам ҳожат қолмасди - “Ўзавтомоторс” ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Шундай эҳтимолни, менимча, ҳеч ким инкор қилмаса керак.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Лазизхон ёзибди:

“Шу видео (Жиззахдаги Тузкон кўли манзаралари)ни Инстаграмга қўйгандим – 60 минг марта кўрилиб, 1600 марта лайк босилибди. Шу дрон кадрларини олиш учун лицензияси бор дрончини фалон пулга ўзимиз билан олиб кетганмиз, ваҳоланки офисимиздаги болалар ҳам шу дронни бемалол учира олади.

Шунга, дронлар билан боғлиқ тартиб енгиллаштирилса бўлмасмикин? Майли, биз борадиган ҳар бир жойимиз локациясини рўйхатдан ўтказиб, ҳисобот беришга тайёрмиз. Лекин сал енгиллаштиришсин – охир-оқибат шу давлатга, туризмга, ички туризмга ҳам яхши-ку.

Майли, шаҳарда, пойтахтда, дабдабали ҳовли-жойлар устидан учиришга рухсат беришмасин, лекин Самарқанд, Бухоро, тарихий обидалар, қишлоқлар, овуллар, Айдаркўл, Орол денгизи, кемалар қабристони ва бошқа шу каби жойларда рухсат беришсин, Туризм вазирлиги бирор 200 талик рўйхат қилиб, рухсат бериб қўйсин.

Ўзбекистон гўзаллигини мамлакат аҳолисига ҳам, чет элга ҳам кўрсатайлик”.

Иқтибос тугади.

Охирги гапига ўзимдан қўшимча – фақат пастдан эмас, тепадан ҳам кўрсатайлик гўзалликларни. Зотан, машҳур мультфильмда айтилганидек, “саваннамиз - айниқса юқоридан қараганда - нақадар чиройли!”.
Президент матбуот хизмати сайтига анчадан бери кирмагандим. Наврўз муносабати билан келган табриклар ҳақида 21 март куни берилган хабарни қизиқиб очдим – шу кунларда давлатимизга кимлар кўпроқ дўстлигини мана шунақа хабарлардан билиш мумкин, деб ўйладим-да эски ақидаларга таяниб. Кимнинг исми биринчи келса, биз ўша билан дўст бўлишдан уялмаймиз, аксинча, шундай дўстларимиз борлигидан фахрланамиз, дегандек.

Биринчи Хитой раҳбари Си Цзиньпин, иккинчи АҚШ президенти Жо Байден, учинчи-тўртинчида Саудия подшоҳи ва валиаҳд шаҳзодаси, бешинчи туркиялик Эрдўғон бобо. Булардан кейин атрофимиздаги қўшниларимизнинг табриклари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон; кейин Озарбайжон президенти ва БАА вице-президенти табриги. Улардан кейин Эрон ва Покистон раҳбарларидан табриклар ва “қутловлар келиши давом этмоқда”. Бўлди.

Мен ҳам ҳайрон бўлдим. “Бўлдими, бор-йўғи шуми?”, дедим. “Халқ сўзи”ни, “Янги Ўзбекистон”ни ҳам варақлаб кўрдим (қуйида – скриншот). Ростдан ҳам бори шу экан. Энг ҳайрон қолганим - табрикловчилар рўйхатида одатда Хитой раҳбаридан ё кейин, ё олдин (одатда олдин) турадиган “давримизнинг энг буюк тарихчиси ва стратеги”нинг йўқлиги бўлди. Қараб чиқсам, у дабба бизни ҳеч қачон Наврўз билан табрикламаган экан (2018, 2019, 2020, 2021, 2022, 2023).

Ҳай – ўзи киму, табриги нима бўларди. Ўзбекистонни умуман унутворса ҳам розиман. Йўқолиб кетсин!

PS. Наврўз эмас, Мустақиллик байрамидаги табриклар рўйхатига қараш экан ким дўстроқ, яқинроқ, қадрдонроқ эканлигини тахмин қилиш учун.
Наманганда учта электр станцияси қурилиши бошланибди. Биттаси ГЭСлар каскади, қолган иккитаси эса қуёш электр станцияси, иккисининг ҳам қуввати 500 мегаваттдан, иккиси ҳам Попда қуриларкан. Шулардан бирини Тошкентдаги энг катта савдо-кўнгилочар мажмуа (Tashkent City Mall)ни қурган компания – Hyper Partners қурар экан (ҳа, ўша, таъсисчиси 19 ёшли бола бўлгани учун 2018 йили роса шов-шув бўлган компания).

Иккинчисини Tepelen Group Holding деган компания қураркан. Бу компания фақат қуёш электр станциялари қуришга ихтисослашган экан, тушунишимча, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, ситилар қурмайди, ҳозирча. Самарқанд, Бухоро, Андижон, Тошкент вилоятларида ҚЭСлар қурганмиш ё қураётганмиш. 2023 йили Попда ҳам ҚЭС қуришни бошлаган, унинг қурилишини бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва вилоят ҳокими бориб кўрган ҳам экан. Кеча “қурилиши бошланди” дея айтилган Tepelen’нинг Попдаги ҚЭСи ўша 2023 йилги ҚЭСнинг ўзими, ё яна битта янгисими – билмадим (буёғи энди “поччамиз тилга кирсалар, ўзлари айтиб берадилар”, деган жойидан).

Айтишларича, шу учта лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида “Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2 141 мегаваттга етади. Йиллик 7,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоятнинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард кВт соатлик талабини тўлиқ қоплайди. Ортган 30 фоиз электр Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади”.

Зўр! Охир-оқибат шундай бўлса, шубҳасиз, зўр. Ишқилиб, шундай бўлсин. Чироқларимиз ўчмасин...

Ҳозир аниқ эслолмаяпман, 2013 ё 2014 йилмиди, 2015 йили президентлик ваколатлари тугайдиган Ислом Каримов қанақадир бир сессиядами, Конституция байрамидами, “2016 йилда Тўрақўрғондаги янги ИЭС битади, бутун водий чироқ муаммосидан халос бўлади, ўша йили Қамчиқдаги темирйўл туннелини ҳам битирсак, Тўрақўрғон ИЭСни кўргани ҳаммамиз поездда борамиз”, дегандек гапирганди (туннел ва халоскор ИЭС очилишига хурсанд бўлиш керакмиди ё дода президентликда қолмоқчи эканидан хафа бўлиш керакмиди, билмаганмиз).

Ҳа, ўшанда шунақа дейилган – Тўрақўрғон ИЭС қурилса, нафақат Наманганнинг, бутун водийнинг электр муаммоси ҳал бўлади. 2015 йили, навбатдаги муддатга сайланиб бўлгач, Каримов Наманганда бўлган сессияда Тўрақўрғон ИЭС ишга тушса, “нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийсининг иқтисодиёти ҳамда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўла қондирилиши”ни яна айтган. Шу гапни кейин ҳамма байроқ қилган, ҳатто янги даврда ҳам. Масалан, 2019 йилги бир хабарда айтиляпти: “2019 йил охирига қадар ИЭС тўлиқ қувват билан ишлашни бошлайди. Бу орқали эса Фарғона водийсининг чироқ ўчиши муаммоси ҳал этилади”.

Энди, бу “учта Ўзбекистонни боқишга етадиган газимиз” ўзимизга етмай қолиб, ўз газимиз учун Россия компанияларига юз миллионлаб доллар қарз бўлиб қолаётганимиз энди-энди ошкор бўлаётган вақтлар эди. Кейин пандемия бўлди, кейин қишлар аномал даражада совиб кетди, кейин...

Ҳай, нима бўлса ҳам, ўйланган яхши лойиҳалар ўйланганидек яхши чиқсин, халққа манфаатли бўлсин - чироқларимиз ўчмасин, электримиз узилмасин!
Uzum қиймати 1 миллиард доллардан ошган Ўзбекистон тарихидаги биринчи IT-компанияга айланди. Компания вакилларининг маълум қилишича, Uzum 2023 йилда 100 миллион доллар соф фойда кўрган ва ҳозирда ойига 10 миллион одам компания хизматларидан фойдаланмоқда.

Компания умумий ҳисобда қилган инвестиция маблағлари 100 миллион доллардан ошгани ҳақида маълум қилган. Бу инвестициялар ҳисобига Uzum экотизими инфратузилмани кенгайтиради ва янги сервисларни ишга туширади.

Uzum экотизимига маркетплейс, экспресс-етказиб бериш сервиси, классик ва рақамли банклар, BNPL-сервис, автомобил сотиб олиш платформаси киради.

Компания 2024 йил давомида Яқин Шарқ, Буюк Британия ва АҚШ маблағлари иштирокида яна 200 миллион доллар жалб қилишни режалаштирмоқда.
Кеча Миллий матбуот марказида айнан дори маркировкаси мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистонда маркировкалашни “Асл белгиси” компанияси қиляпти. Анжуман давомида дори воситалари рақамли маркировкасининг асосий вазифалари, тизимни ривожлантириш, тизим режалари муҳокама қилинди.

Маркировкалаш ўзи нима эди, деганларга – маркировка бу маҳсулот қадоғидаги махсус код бўлиб, бу код ишлаб чиқариш жараёнида қадоққа туширилади ва унинг ёрдамида маҳсулотнинг корхонадан то харидор қўлигача босган йўлини кузатиш мумкин бўлади. Харидорга бундан нима наф? У ўша кодни - Ўзбекистон ҳудудида “Солиқ” ёки “Асл белгиси” мобил илова орқали - сканерлаб, қўлидаги маҳсулот қонунийми, оригиналми – шуни текшира олади.

Ҳозиргача дори-дармон соҳасидаги 2400 дан ортиқ корхона ва ташкилот (шундан 679 таси ишлаб чиқарувчилар, қолганлари эса импортёрлар, дистрибьюторлар, чакана савдо корхоналари) маркировка тизимида рўйхатдан ўтган, маркировкаланадиган маҳсулотлар реестрига 11 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари киритилган. Қайд этишларича, Ўзбекистон дори бозоридаги маҳсулотларнинг 63,4 фоизи чет элники, бу дориларни ишлаб чиқарувчиларнинг қарийб 90 фоизи ҳам хорижий корхоналар.

Оператор барча хорижий ишлаб чиқарувчилар билан доимий асосда иш олиб бораётганини, импорт қилинадиган маҳсулотлар ўрнини босиш учун Ўзбекистон фармацевтика саноатида катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Матбуот анжуманида мен эшитган энг муҳим гап шу бўлди: “Маркировкалаш – ўз ҳолича даво чораси эмас, у кузатиш воситасидир”. Маркировкалаш билан дори бозоримиз жуда шаффофлашиши мумкиндир, лекин тўлиқ хавфсиз бўлиб қолмайди, ҳал қилиниши лозим бўлган бошқа ишлар ҳам бор.
Хайриддин Султоннинг "Одамлардан тинглаб ҳикоя" китобидаги "Ўзбек халқининг миллий ғояси" номли ҳикоясида ўқиб қолдим:

"Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхон 1911 йили "Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида" фармон чиқарган. Унга биноан, тўйларда паловдан бошқа овқат берганларга 75 (етмиш беш) дарра уриш жазоси тайинланган. Тўйга келган меҳмонларнинг ҳар бирига чопон бериш одати ҳам ман этилган. Айни вақтда, суннат ва никоҳ тўйларида улоқ ва пойгалар уюштириш тақиқланган. Шундай тадбирларни ташкил этганларга ҳатто ўлим жазоси белгиланган. Лекин эл-улус ўз билганидан қолмаган".
Муҳрим
Хайриддин Султоннинг "Одамлардан тинглаб ҳикоя" китобидаги "Ўзбек халқининг миллий ғояси" номли ҳикоясида ўқиб қолдим: "Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхон 1911 йили "Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида" фармон чиқарган. Унга биноан, тўйларда паловдан…
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Нега амир Олимхоннинг дабдабали тўйларни чеклаш тўғрисидаги фармони ишламаган, одамлар ўнлаб дарра калтак ейиш бир четда турсин, ҳатто ваъда қилинган ўлим жазосидан ҳам қўрқмай, яна дабдабали тўйларни қилишда давом этаверган? Мен, масалан, юқоридаги видеопарчада Қозоқбой Йўлдошев айтган Людовикнинг гапидан жавоб топдим ўзим учун (видеонинг тўлиғи бу ерда).

Амирнинг бу фармонини биринчи бўлиб унинг энг яқинлари бузган бўлса керак, бузганда ҳам мунтазам бузгандир - кўнгилчан амир дабдабали тўй қилгани учун ўз яқинларини 75 даррадан уришни буюрмайди-ку, тўғрими? Ўлим жазоси ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бекор қилибсан-да, дегандир нари борса.

Негадир шу вақт Эсватини қироли эсга тушиб кетди. У бечора ҳам 2001 йили ўз мамлакатида ОИТСнинг тарқалиш шиддатини камайтириш мақсадида 18 ёшдан кичик қизлар билан жинсий алоқа қилишни ман қилувчи қонун чиқариб, кимки бу қонунни бузса, бир сигир ёки 152 доллар миқдорида жарима солинишини эълон қилган. Лекин қонунни биринчилардан бўлиб ўзи бузган - 17 ёшли бир қизни ўзига 13-хотин қилиб олган. Тўғри, кейин жаримасини ҳам тўлаган - қирол учун бир сигир нима деган гап.

Гап жазо муқаррарлиги, Эсватини қироли билан боғлиқ ҳолатда эса жаримани тўлаш ҳақида эмас. Ҳай, майли, жазо муқаррарлиги ҳам жуда муҳим. Лекин бу ерда гап биринчи навбатда шахсий намуна ҳақида эди. Ҳалиги, бизда эъзозланадиган сингапурлик Ли Куан Ю айтганмиди, халқ тилида шунақароқ эди шекилли иқтибос: “Коррупция устидан ғалаба қозонмоқчисан, унда ишни учта ўртоғингни/қариндошингни/яқинингни қамашдан бошла”. Муваффақият калити тахминан шунақароқ. Шахсий намуна муҳим.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Автомобилсиз кун” акциясида қатнашаётганини билдириш учун бир видео чиқарибди. Унда ҳокимлик автотураргоҳи бугун, 29 март куни мошиналардан холи экани кўрсатилган. Яъни, сизу бизга: “Бугун ҳокимликнинг ҳамма ходимлари мошиналарини уйда қолдириб, ишга жамоат транспортида келди”, деган хабарни етказмоқчи. Биноси ҳокимлик билан бир қаторда жойлашган Божхона қўмитаси ҳам шундай фотохабар тарқатган – автотураргоҳ бўм-бўш, қўмита раиси велосипедда, унинг ўринбосари метрода, қолган ходимлари ҳам ишга жамоат транспортида келибди. Ҳай, яхши гумонда бўлиб, “мошиналар яқин-атрофдаги автотураргоҳларда қолдирилгандир”, деган ёмон хаёлларга бормай, бу фото ва видеохабарларга ишонайлик.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳам, Божхона қўмитасининг ҳам, бошқа давлат органларининг ҳам раҳбарлари ва ходимлари нафақат “Автомобилсиз кун” акцияси эълон қилинган бир кунда фақат ҳисобот учун эмас, балки умуман ҳар иш куни, ҳар доим шундай яшаш мумкинлигига, ишга шундай келиб-кетиш мумкинлигига ишонсинлар ва шундай қилсинлар. Эрталабдан кечгача қанчадан-қанча майдонларни шунчаки эгаллаб ётадиган машиналарсиз шаҳар маркази нақадар чиройли кўринишини билсинлар, ҳис қилсинлар. Зора шунда кўнгилларида автотураргоҳларини сокин хиёбончаларга айлантириш нияти туғилса; машинасизликка кўзлари ўргангач, марказни яна машина босмаслиги учун, масалан, пулли парковкани тезроқ ишлатиб юборишса.

Хуллас, Ўзбекистон шароитида бу тадбир аслида халқ учун эмас, давлат хизматчилари, қарор қабул қилувчилар учун мўлжалланган: машинасиз яшаш ва юриш мумкинлигини биринчи галда айнан улар тушуниб етиши керак. “Автомобилсиз кун”лар кўпайтирилса, ишончим комил, улар буни нафақат тушуниб етади, балки ёқтириб ҳам қолади. Қарор қабул қилувчиларнинг “ерга тушиб”, машинасиз юришга одатланиши бошқа машинасиз ватандошлар ҳаётини ҳам яхшилайди, енгиллаштиради, уларнинг ҳаётига қулайликлар олиб киради. Ҳар ҳолда шунга умид қилгимиз келади (масалан, спорт вазири энди ишхонаси олдидаги пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатишни сўраб чиқар, балки).

Энди, деярли ҳар бир давлат органи ўз ходимларининг бугун ишга автомобилсиз келганини кўрсатишга интилаётган, буни байрамдек талқин этишга уринаётган экан, демак бу фавқулодда муҳим тадбир – бизда давлат ташкилотлари ҳамма акцияларда ҳам ўзидан ўзи бундай фаоллик кўрсатмайди. Шундай экан, бунда кеча айтилган шахсий намуна масаласи муҳим. Бир жойда шу акцияни ўтказиш ташаббуси билан чиққан экология вазирининг ўзи бугун селекторга хизмат машинасида борганига алоҳида урғу берилибди. Тўғри, давлатимизнинг муҳим ишлари кўп, мамлакатимизда 1991 йилдан 2016 йилгача жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган, уларни ҳал қилиш учун ҳар кун тугул, ҳар соат, ҳар дақиқа ғанимат, бу тушунарли. Лекин, бошқа томондан, селекторларни бошқа кунга қолдириб туриб, шу бугун Тошкентдаги ҳамма амалдорларни автомобилсизликни зўр самимият билан тарғиб этишга сафарбар қилса ҳам бўларди, масалан.

Яхши гумонда бўлайлик – келаси сафар шундай бўлар, Худо хоҳласа: амалдорларимизнинг каттаю кичиги, ҳаммаси автомобилсизликни бугунгидан ҳам зўрроқ самимият билан тарғиб қилар. Балки тарғибот бир кунлик эмас, кўп кунлик, ҳар кунлик бўлиб кетар. Яхшиликдан умид қилаверайлик-чи. Аввал ҳозиргиси ҳам йўқ эди-ку.

Суратда - Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 29 март тонгида бўш бўлган автотураргоҳи.
Машиналарга экологик стикерлар 2031 йилгача босқичма-босқич берилади

“Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланибди. Ушбу ҳужжат “Экологик транспорт” тизими босқичма босқич жорий этилиши белгиланган.

Экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситалари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга ажратиб борилади. Тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик жарима жорий этилиши ёки улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш-тақиқлаш мумкин.

Ушбу “Экологик транспорт” тизими қуйидаги босқичларда жорий этилади:

▫️биринчи босқичда (2024–2026 йилларда) – Тошкент шаҳрида;
▫️иккинчи босқичда (2026–2028 йилларда) – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);
▫️учинчи босқичда (2028–2030 йилларда) – бошқа барча ҳудудларда.

Дастлабки босқичда электромобил ва электромотоцикллар ҳамда ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига уларнинг эгалари томонидан онлайн ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида реал вақт режимида “яшил” экологик тоифасига мансуб экологик стикерлар мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан диагностик текширувисиз берилади ва почта орқали юборилади.

Барча автотранспорт воситалари қуйидаги муддатларда экологик диагностикадан ўтказилиб, тегишли стикерлар берилади:

▫️2027 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида;
▫️2029 йил 1 январга қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда экологик зоналарга ажратилган алоҳида экологик зоналарда;
▫️2031 йил 1 январга қадар бошқа барча ҳудудларда.

Стикерлар учун ҳеч қанақа тўлов қилиш керак эмас, улар бепул берилади. Ҳудудлардаги экологик зоналар чегараларини белгилаш ҳамда уларни ўзгартириш тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Экология вазирлиги таклифига асосан амалга оширилади.

Аҳолига “зарарли” тоифадаги транспорт воситаларини “тоза” тоифадаги транспорт воситаларига алмаштириш учун субсидия бериш тизими ҳам жорий этилади.
Пойтахтни аёз урган оғир қишдан сўнг 2023 йилда бутун энергетика тизимида қайта қуриш бошланиб кетганди. 2024 йилга ўтар қишда пойтахт совқотмаслиги учун ТошГРЭСда бутун шаҳар ҳавосини ифлослантирадиган даражада кўп мазут ёқилгани учун (пойтахт атрофидаги иссиқхоналар газ ўрнига резина ёқишга мажбур бўлганиниям унутмаслик керак, албатта), мана, кўриб турганингиздек, экология оид қарорлар ҳам бирдан кўпайиб қолди. Энергетика вазирлиги яна аввалгидек: “Э, ТошГРЭСни деб ҳаво бузилгани йўқ”, деб жар солиши мумкин, лекин юзимизга кўзгу тутган IQAir’га қаранг - иситиш мавсуми тугаганидан бери Тошкент ҳавоси яхши шаҳарлардан бири. Ваҳоланки, машиналар кўпайган бўлиши мумкин, лекин камаймаган; сассиқ Аи-80 ҳали ҳам ишлатиляпти. Яъни, ТошГРЭСдан бошқа ҳеч нарса ўзгармади.

Хуллас, юртимизда сўнгги икки йилда кузатилаётган ўн йилларга татигулик ўзгаришлар учун Энергетика вазирлигига миннатдорлик билдирган ҳолда, шу вазирликда бўлган кечаги тайинловлар ҳақида, аниқроғи, битта тайинлов ҳақида кичик бир фикрча билдиргим келди: 2021 йил августидан бери энергетика вазири биринчи ўринбосари ҳисобланган Азим Аҳмедхўжаев энди “Ўзатом”га ҳам раҳбарлик қиларкан (тўғриси, у “Жиззах сургуни”дан яқинда қайтган бўлса керак, деб ўйларканман - уч йилча бўлиб қолибди-я).

Ўзи, ҳафта ўрталаридами, “Росатом” Ўзбекистон билан АЭС қуриш бўйича музокаралар “анча муваффақиятли” кечаётгани ҳақида баёнот берганида, “шу музокаралар қанақа кечса ҳам, 100 йил, ундан ҳам кўпроқ давом этсин, ишқилиб ҳеч қачон тугамасин ва ҳеч қачон Россия бизда АЭС қурмасин”, деб хаёл суриб тургандим, (барибир очиқ-ойдин йўқ дея олмаслигимизни билиб). Ҳафта охирида Аҳмедхўжаев “Ўзатом”га бошлиқ бўлгани айтилгач, тўғриси, юракка ғулғула тушди.

Тан олишим керак, мен Азим Аҳмедхўжаевнинг таржимаи ҳоли ва шахсиятини жуда зўр биламан, деб мақтана олмайман. Мендаги ҳозирги ғулғула ҳам, кўп жиҳатдан, унинг 2018 йили АКТ вазири сифатида ярим йиллик фаолиятидан қолган узуқ-юлуқ таассуротлар ҳосиласи. Адашмасам, энг биринчи ёқимсиз таассурот 1980 йилларда Наврўзни Навбаҳор қилмоқчи бўлган Раъно Абдуллаева ҳақидаги қандайдир материал сабабми ОАВга (аниқроғи, “Хабар.уз”га) босим қилингани ҳақидаги асоссиз деб бўлмайдиган гап-сўзлардан қолганди. Айтишларича, Абдуллаева - Аҳмедхўжаевнинг бувиси.

Яна ўша эски таассуротларим бўйича, Аҳмедхўжаев халқлар дўстлиги тарафдори. Албатта, халқлар дўстлиги тарафдори бўлишнинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Лекин Аҳмедхўжаев менга миллий манфаатлар устуворлигига асосланган халқлар дўстлиги эмас, кўпроқ кремлча халқлар дўстлиги тарафдоридек кўринади. Ўша, 2018 йилнинг Хотира ва қадрлаш кунида у ижтимоий тармоқларига Георгий ленталарини қўйганидан, “сан Россия эмас, Ўзбекистон ҳукуматининг вакилисан, олиб ташла бунақа гажакларингни” деб асосли эътироз билдирган фойдаланувчилар билан сан-манга борганидан қолган таассурот бу.

Оддий қилиб айтганда, у менга россияпарастдек кўринади. Энди, биладиганлар: “Йўқ, адашяпсан, у россияпараст эмас”, деб ёки: “Ҳукуматимиздаги мен билган россияпараст ярамаслар олдида унинг россияпарастлиги ҳеч нарса эмас”, деб айтиши мумкин. Бўлса бордир. Ҳар ҳолда, мен уни россияпараст деб тахмин қилишим учун у оз бўлса-да, самарали ҳаракат қилган, аммо аксини исботлайдиган уринишларини кўрганим йўқ. Ҳозир қидириб кўрсам, ўзи жуда ёпиқ амалдор экан - қарийб уч йилдан бери Энергетика вазирлигининг салкам раҳбари, лекин борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмагандек. Ваҳоланки, охирги бир йилда қанча янгилик бўлди соҳада - қанча хоҳласа, шунча пиар қилиши мумкин эди ўзини...

Ҳай, майли - Аҳмедхўжаев ҳақидаги таассуротларим тўла ёлғон бўлиб чиқиб, ғулғулаларим аришига, “Ўзатом” унинг раҳбарлиги даврида тугатилишига, Россия билан АЭС бўйича музокараларимиз эса ортга бурилиб олиш имкони бўлмаган боши берк кўчага кириб қолишига тилакдошман (бу одам “Росатом” ҳозирча “анча муваффақиятли” деб баҳолаётган музокараларни “ўта муваффақиятли” статусга ўтказиб, охири Россия фойдасига ҳал қилиб юборишига бўлган ишончим кучлироқ бўлса-да).
Муҳрим
Пойтахтни аёз урган оғир қишдан сўнг 2023 йилда бутун энергетика тизимида қайта қуриш бошланиб кетганди. 2024 йилга ўтар қишда пойтахт совқотмаслиги учун ТошГРЭСда бутун шаҳар ҳавосини ифлослантирадиган даражада кўп мазут ёқилгани учун (пойтахт атрофидаги…
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Дарвоқе, Наврўзни Навбаҳор қилишга уриниш ҳақида. Шу мавзу “Абдулла Орипов” фильмида ҳам кўрсатилибди (фильмга тақриз ҳам бор).

Ғашимни келтирган нарсалардан бири - Абдулла Ориповни Абдулла Орипов деб, Шароф Рашидовни Шароф Рашидов деб, Шавкат Мирзиёевни Шавкат Мирзиёев деб беришгану, лекин “1987 йил воқеалари”да ўша вақт де-юре Ўзбекистон президенти ҳисобланган Рафиқ Нишоновни Рашид Эшоновичга, де-факто Ўзбекистон раҳбари ҳисобланган Иномжон Усмонхўжаевни эса Усмон Умархўжаевга айлантиришган. Наврўз ўрнига Навбаҳорни таклиф қилган идеология бўйича котиба эса Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалари”дан ижарага олинган - Клара Хаджаевна кўринишида (“Шоирнинг тўйи” (Эркин Аъзам)даги Мафкурахоним олинса, сатира бўлиб қоларди, ҳа).

Тушунаман, бўлган воқеаларга асосланган асарларида тўқима умумлашма образлар ҳам бўлади. Масалан, “Чернобиль” сериалида бош қаҳрамонга ёрдамчилик қиладиган беларуслик олима - Ульяна Хомюк образи тўқима (шуни билганимда жуда хафа бўлганман). Сериал ижодкорлари унинг сиймосида Чернобиль оқибатларини бартараф этишда қатнашган барча олимларни кўрсатган. “Абдулла Орипов”да ҳам, масалан, Шотурсун Мирвалиев образи бор - у истеъдодларни кўролмайдиган зиёнлилар умумлашмаси бўлса керак. Лекин Нишонов ва Ко’нинг нимасини умумлаштирасан - ахир тарихда отнинг қашқасидек из қолдирган шахслар-ку улар?!

Дейлик, Клара Хаджаевна “Отамдан қолган далалар”га ярашаверади, камига романда у район партия ташкилотининг учинчи (ҳай, мафкура бўйича) котиби, шунда ҳам умумлашма образ - Наврўз энди Навбаҳор бўлишини белгилайдиган республиканинг маълум бир раҳбари эмас. “Абдулла Орипов” фильми ҳам фақат бир шоир ҳақида эмас, балки ўша даврда “Ўзбекистон”, “Ўзбегим” деб шеър ёзган, масалан, Бобур ҳақида роман ёзиб, “қора рўйхат”га тушган ҳамма ижодкорлар ҳақидаги умумлашма фильм бўлганида эди, Нишоновнинг Эшонов, Ҳабибовнанинг Хаджаевна қилиб ўзгартирилишида бирор маъно бўларди.

Ҳозирги ҳолида эса шу жойлари - шунчаки абсурд.
Бир ҳовуч эмас, барча ўзбекистонликларнинг бой-бадавлат бўлиишига, масалан, у ёки бу асоссиз имтиёз(лар) ё асоссиз бож(лар)ни бекор қилиш ҳисобига у ёки бу маҳсулот(лар)ни ўз баҳосида ёки ҳеч бўлмаса ҳозиргисидан арзон олишига имкон бериши мумкин бўлган, лекин бу имконни бермаётган, беришни хоҳламайдиган, бор имкониятни ҳам олиб қўядиганлар ўзбекистонликларни яхши кўришига ишонмайман. Менимча, ўзбекистонликлар ҳам уларни яхши кўрмайди.

Азиз ўзбекистонликлар, уларга инсоф, ўзимизга барака сўрайлик!
Туркиядаги кечаги маҳаллий сайловлар натижасига кўра, Чаноққалъа вилояти Ениже туманидаги Калким аҳоли пункти (маъмурий бошқарувга эга катта қишлоқ)га 22 ёшли мустақил номзод - Зайнаб Челик ҳоким этиб сайланибди; турк матбуоти уни ҳокимликка сайланган энг ёш номзод сифатида эътироф этмоқда. У сайловчиларнинг салкам 48 фоиз ёки 515 та овозини қўлга киритиб, Эрдўғон партиясидан бўлган асосий рақиби ва қишлоқнинг амалдаги раҳбари Иброҳим Тошқинни мағлуб этибди.

Менга бу жараёнда бир нарса ёқди. Юқорида кўриб турганингиз инфографикасифат сурат Туркиянинг "Янги Шафақ" газетасидаги сайлов жараёнини кузатиш имконини берадиган махсус саҳифасидан олинган. Бунақа саҳифалар Туркиянинг деярли барча катта ОАВларида бор. Унда нафақат вилоятлар, катта шаҳарлар ёки шунчаки шаҳарлар миқёсида, балки Зайнаб Челик ғалаба қозонган Калким даражасидаги қишлоқлардаги сайлов натижаларини ҳам кўрса бўлади. Ким нечта овоз олганию, ўтган сайловдаги натижасигача. Шаффофлик дегани шундоқ бўпти.

Эркин, демократик сайловлар ўтказишни, уларни шаффоф ташкил этишни, сайловдаги ғалабани нишонлаш ва мағлубиятни тан олиш маданиятини Туркия Жумҳуриятидан ўрганайлик!
Суратдаги театрни қуриш учун Олий Мажлис олдидаги кўл йўқ қилинганди. Суратдаги кутубхона қурилиши учун тўлиқ таъмирдан чиқарилган Наврўз тўйхонаси пойдеворидан тўсатдан ёриқ топилиб, шошилинч бузиб ташланган эди. Энди мана шу икки бино Янги Тошкентда қуриларкан.

Аслида, бу эски, бир йил аввалги гап. Шунчаки бир йил аввалги тақдимотда кутубхонадаги "миллий" сўзи ўрнига "марказий", театрдаги "опера" сўзи ўрнига "катта" сўзи ишлатилганди. Ҳай, яшайверайлик-чи, кўрармиз нима бўлишини. Балки Тўйтепада бўлганидек, Янги Тошкент ҳам Ўзбекистондаги биринчи смарт-сити бўлар.

Дарвоқе, ЎзАнинг бир йил аввалги ахборотида 20 минг гектар майдонли Янги Тошкент 1 млн кишига мўлжаллаб қурилиши айтилганди. Бугун тарқатилган видеода аҳоли сони 2 млн бўлиши айтилибди, майдон эса ўша-ўша - 20 минг гектар. Ҳисоб-китобни янги замон математика дарсликларини ёзганлар қилган, шекилли.
Бу шаҳарга супер бош режа керак

2021 йил охирида “Маънавият шаҳарчаси” ҳозирги Миллий боғ ҳудудида қурилиши айтилганди (шу мақсадда Олий Мажлис олдидаги кўл қуритилган, Наврўз тўйхонаси бузиб ташланганди). Кеча бўлса “Маънавият шаҳарчаси” лойиҳаси, бир мунча бойитилган ҳолда, Янги Тошкентга кўчирилгани эълон қилинди. Шунингдек, Юнусободни шаҳар маркази билан боғловчи асосий йўл ҳисобланган (ва шунинг учун ҳам эрталаб ҳам, кечки вақт ҳам тирбанд бўладиган) Амир Темур кўчасида кенг кўламли бузилиш ва қурилиш ишлари олиб борилиши ҳам кеча маълум бўлди.

Бундан етти ярим йил аввал, 2016 йилнинг тўртинчи чорагида Тошкент мудраб ётган, ланж бир шаҳар эди. Уни уйғотиш, жонлантириш, югуртириб юбориш учун Сергелида бирдан 500 та “дом” қуришга киришиш, совет даврида лойиҳалаштирилиб, ҳатто қурилиши бошланиб, сўнг тўхтаб қолган метро йўналишлари қурилишига рестарт бериш, уч ой аввал демонтаж қилинган трамвай излари бўйлаб ер усти метросини қуриш, шаҳар марказида ҳеч йўғи битта Сити кўтаришга, эҳтимол, зарурат бор эди. Дарҳақиқат, шаҳар жонланди.

Лекин шу ишлар бошланганидан бери айтиб келинадиган, сўраладиган бир нарса бор – бу шаҳарга бош режа керак. Тошкент аҳли Чилонзор-Оқтепадаги икки қаватли “дом”лар “снос”га тушгани ва ҳудуд хитойликларга берилганини қайсидир селектордан, Амир Темур кўчаси яқин бир неча йил давомида катта қурилиш майдонига айланишини қайсидир йиғилишдан, паркни қурилиш майдончасига айлантириш ҳисобига лойиҳа қилинган маънавият ва маърифат марказлари энди бутунлай бошқа жойларда қурилиши ҳақида қандайдир тадбирдан кейин хабар топиши керак эмас.

Шаҳарнинг аниқ-тиниқ, ҳеч йўғи беш йиллик, ҳар беш йилда янгиланиб турадиган режаси бўлиши керак. Режа фақат “маънавият маркази” Миллий боғ ўрнида бўладими ё Янги Тошкентда – фақат шуни билиш учунгина зарур эмас. Янги Тошкентни қўя турайлик, Амир Темур Ситига айланажак Амир Темур кўчасини олайлик – ҳозирги тўрт-беш қаватли бинолар ўрнига кўз учун чиройли, камида 24-25 қаватли иморатлар тушса, уларнинг аллақанчаси турар жой бўлса – шунда шаҳарга қўшимча яна қанча электр, сув, канализация қуввати керак? Бунга режа керак. Режа, шунингдек, қуритилган кўл ва бузилган тўйхона ўрнида энди нима бўлишини билиш учун ҳам керак, масалан.

Тошкент беш йилдан кейин юзлаб осмонўпар биноси бор, лекин уларни қишда иситиш, ёзда салқинлатиш учун энергияси йўқ, бу чиройли биноларининг энг юқори қаватидан мазут ёқишдан пайдо бўлган смог булутинигина томоша қилиш мумкин жаҳоннинг энг ифлос шаҳарига айланиб қолмаслиги учун ҳам унга қонун даражасидаги супер бош режа керак. Токи, бош режани бузганлар қонунбузар ҳисоблансин ва бетўхтов жазога тортилсин.

PS. Ҳа, бу хомхаёлдек. Лекин айтиб қўйилиши керак бўлган хомхаёл, менимча. Чиқмаган жондан умид.