ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар
3.06K subscribers
25 photos
1 video
509 links
Романлар очко ҳисобига ютса, ҳикоя нокаут билан ғолиб келади.

• Канал яратувчиси:
Нилуфар Обидова(Аржумандбегим)

• Боғланиш: @Arjumandbegimga_yozishbot
Download Telegram
Соғинч

— Вуй, бу болани ширинлигини қаранг! Кўз тегмасин! Шапкачалари ярашганини айтмайсизми!? Қаёққа олиб кетяпсиз ясантириб бу "момиқчани" - деди автобусда суҳбатдош бўлган аёл ёнидаги аёлнинг боласини қўлига оларкан.
— Дадасини олдига кетяпмиз. Кўрмаганимизга ҳам анча бўлибди. Бизни роса соғинган - деди аёлнинг саволига кулимсираб жавоб қайтараркан.
— Сизлардан узоқдами иш-жойи? Жуда банд бўлса керакда. Ҳаёт нималарга мажбур қилмайди. Майли, боласини соғинади тез-тез олиб бориб туринг олдига. Кўриб анча хурсанд бўлади.
— Ҳм, албатта. Шундай...
Автобус бироз юргандан сўнг болали аёл:
— Шафёр амаки қабристон олдига тўхтаб қўйинг. Биз тушиб қоламиз. Етиб келдик манзилимизга - дедида бояги аёл билан "яхши етиб олинг" дея хайрлашди.

Суҳроб АЗИМИЙ

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
Совға

Туғилган куни шарафига ёзилган дастурхон атрофида ароқ шишалари қатори думалаб ётган эрининг уйғониб қолишидан қўрққан ҳоли қимир этмай ўтирган зах зинапоясидан эрига зарбдан зада кўзлари билан бечораҳол ўгирилди:
— Туғилмайгина ўлай ман...

Аржумандбегим

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
Биринчи муҳаббат

Унинг мактаб даврларида тушилган эсдалик суратлари орасидан бир қизнинг расмини ҳеч чанг босмасди...

Элбек Тилавов

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
БИР ТОМЧИ СУВ

Нигора бир ҳафтагина қишлоққа онасининг олдига бориб келадиган бўлиб қолди. Эри командировкада. Уй ёлғиз қолди. Поездга чиқиб энди чамадонни ўрнига қўяётганида бирдан бўшашиб кетди.
Тувакдаги гулга сув қуйиш эсидан чиқибди-ку.
Ахир, Нигора уни қандай авайларди. Кун ора сув қуйиб чамандек очилиб турган гулларини ҳидлаб, ҳидлаб оларди. Нима бўлади энди?
Эри Козимжон Кисловодскдан атайин самолётда олиб келган эди. Икки йилдан бери уни парвариш қиларди. Ёзда ҳовлига опчиқиб экар, куз келди дегунча яна тувакка ўтқазиб, уйнинг кунгай томондаги дераза рахига қўярди. Нима бўлади энди?
Битта гул учун орқага қайтсинми? Қайтарди ҳам, аммо поезд жойидан қўзғалиб, шитоб билан олдинга интилиб кетяпти.
То қишлоққа етгунча ҳам шу гул унинг хаёлидан кетмади. Назарида сарғайиб сўлаётгандек, қуриб-қовжираган барглари дераза олдига тўкилиб ётгандек...
У қишлоқнинг қатқалоқ кўчаларидан кетаркан, бирон уйнинг деразасида гул кўрдими, бўлди, хаёли яна уйига учиб борар, қуриб қолган гул олдида маъюс тургандек бўларди.
Нигора қайтаётганда қалин қор тушди. Пўстинига ўраниб поездга чиқди-ю, вагон ойнасидан оппоқ далаларни маъюс томоша
қилиб келди. Ниҳоят уйи остонасига ҳам етди. Қандай қилиб эшикка калит солганини, қандай қилиб дераза олдига келиб қолганини ўзи ҳам билмасди.
Тувакдаги гул ҳамон яшнаб турарди. Унинг кўм-кўк барглари тагидан яна куртакчалар бўртиб қолибди.
Нигора очиламан деб, турган ғунчага энгашиб димоғини тегизди. Бирам хушбўй, бирам хушбўй!
У, бир ҳафта сувсиз қолган бу гулнинг аввалгидек яшнаб туришига ҳайрон эди.
Офтоб дераза қировини эритиб ҳар куни бир томчидан тувакка сачратганидан Нигора бехабар эди.
Бир томчи сувда қанчалар қудрат борлигини у сира-сира хаёлига келтиролмасди.

Саид Аҳмад

Драбллар | қисқа ҳикоялар
ШУКРОНА

У яқиндагина меҳр-мурувват фонди томонидан берилган иссиқ ёпинчиққа ўралиб, бугун ахлатхонадан топган этикларига қаради. Бу совуқ қиш қаҳратонида устинг бут, қорнинг тўқ бўлса, қандай яхши. Ит эгасини танимайдиган гадойтопмас
шаҳар кўчаларида топилаётган тирноқча меҳр ҳам бошпанаси йўқ одамнинг зулмат дунёсини ёритишга қодир. У боғдаги совуқ ўриндиққа чўзилиб, юлдузли осмонга боқди ва:
— Тангрим, ўзингга шукр, — деди. — Бу ҳаётнинг баҳоси йўқ .

Дик Скин

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Kўзгу

Бир киши хизмат сафари билан узоқ вақт бегона ўлкаларда қолиб кетди. Вақти келиб уйига қайтиб келганида биттаю-битта ўғлининг тарбияси ёмонлигини, онасининг айтганини қилмаслиги, ҳаммага озор беришини кўриб қаттиқ изтиробга тушди. Ота жуда узоқ ўйлади. Фарзандини қандай қилиб тўғри йўлга солса экан? Бунинг учун турли усуллар ишлатиб кўрди, лекин фойдаси тегмади. Калтаклади-бундан бешбаттар бўлди. Ўйлаб-ўйлаб, шу қишлоқда узоқ вақтлар ўқитувчи бўлиб ишлаган бир доно кишидан маслаҳат сўрашга аҳд қилди. Кекса муаллим унинг дардини жимгина тинглади ва унга ўз маслаҳатини берди.
Эртаси куни ота ўғлини олиб бозорга борди. Улар бозорни айланишиб, тошойналар сотиладиган жойга бориб қолишди.
-Ўғлим, сенга катта кўзгу олиб бермоқчиман, энди катта бола бўлиб қолдинг, ёққанини танлашинг мумкин.
Ўғил танлаб-танлаб ўзининг бўйи қадар, бежирим безатилган кўзгуни танлади.
Улар тошойнани уйга келтиришиб, айвонга ўрнатишди.
Ота ўғлига қараб:
— Ўғлим, бир нарсани келишиб олсак. Агар сен бизга номаъқул бўлган бирон иш қилсанг онанг билан кўзгуга бир дона қора рангли қоғоз баргни ёпиштириб қўямиз, мақбул иш қилсанг эса битта баргни олиб ташлаймиз.
— Мен розиман,-деди ўғил, ўйлаб ҳам ўтирмасдан.
Эр-хотин шу кундан бошлаб боланинг ҳар бир қилган ножўя иши учун бир дона баргни ойнага елимлаб бораверишди. Кунлар ўтган сайин қора барглар кўпайиб, кўзгунинг юзи ёпилиб бораверди. Бола ҳар куни ойна олдига келар ва бундан кўнгли ўксирди. Ниҳоят у яхши томонга ўзгаришни бошлади. Ота-она унинг ҳар бир яхши ҳаракати учун бир донадан япроқни олиб ташлай бошлашди.
Кунлар ўтган сайин боланинг ёмон қилиқлари камайиб, хулқи яхшилана бошлади, энди унга ҳамма ҳавас қиларди.
Вақти соати келиб, ота энг охирги баргни олиб ташлади ва ўғлини бағрига босди.
Бола эса ойнага қараб кўзларига ёш олди.
— Дадажон қаранг, бирорта ҳам барг қолмади, лекин елимлар ойнами хиралаштириб қўйди.
— Кўрдингми болам, бу дунёда яхши ишлардан из қолмаслиги мумкин, лекин ёмон ишлардан албатта доғ қолиши аниқ!
Она илиқ сув билан ойнани ювиб ташлади ва:
— Ўғлим, энди ҳаётда мана шундай покиза яшашга ҳаракат қил, деди,- ғуборсиз кўзгуни кўрсатиб.

Давлатов Жўрақул

Бухоро вилояти, Олот тумани, Кесакли қишлоғи

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Ҳазми таом

Атрофни кўз қири билан текширган бўлиб, ёнидаги кампирнинг ҳамёнини ўғринча ўз сумкасига солди. Ҳеч ким кўриб қолмаганига ишонч ҳосил қилиб, дўкондан олган газли сувининг пулини тўлаб шошиб чиқиб кетди. Катта ўлжадан мамнун бўлиб, қўлидаги сумкасини ўйнатганча сакраб-сакраб қадам ташлаб кетаверди. Тўсатдан ўша дўкондаги сотувчи боланинг уни чақириб югуриб келаётганини кўрди-ю, қадамини тезлатди. Бола етиб олиб унинг йўлини тўсди, ҳансираганча қўлидагини узатди:
— Газли сувни унутиб қолдирибсиз.

Аржумандбегим

Драбллар | қисқа ҳикоялар
БИР УМР

Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади.
Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга товлашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб
келиб, ўзлари кўз ойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади.
Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман.
Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги
ҳаво ранг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво,
ўтган-кетганларни томоша қилади.
– Неварами? – дедим. Кампир ўгирилиб қаради.
– Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди.
– Ҳали юрмайдими?
– Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти.
Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир.
– Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар.
Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик
қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради.
– Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин.
Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу
шўнғиганда ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию, маст одамдек гандираклаб юриб
кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтир-
гиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди.Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд.
Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман.
Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди.
Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи...

Саид Аҳмад

Драбллар | қисқа ҳикоялар
ТАНСИҚ

Шаҳримизга ҳали қирдан лола келмаган эди.
Кексалар тўқсон чиқди-ю, оппон-соппон ҳали турибди. Битта қор ўтсин ундан кейин ҳамал киради, дейишарди. Аммо Чилон зор томонда турадиган бир темирйўлчи жувон очиқ машинада бир даста лола кўтариб ўтди. Ҳамманинг кўзи унинг қўлидаги лолада. Ўтган ҳам, кетган ҳам қарайди. Машина тез юрганидан шамол лолани шундай ҳилпиратадики, офтобда у худди лов-лов ёнаётганга ўхшайди.
Шу пайт шамол лоланинг биттасини юлқиб олди-да, кўча ўртасига улоқтирди. Машиналар катта тезлик билан бири кетидан
бири учиб бормоқда. Шофёрлар лолага етай деганда руль буриб унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишади. Мана шу аҳволда кун чошгоҳ бўлди. Лола ҳали ҳам кўча ўртасида чўғдек ёниб турибди. Машиналар ҳамон унинг ёнидан айланиб ўтиб кетишяпти.
Йўловчилар юракларини ҳовучлаб ишқилиб машина босиб, эзғилаб кетмасин-да, деб ташвиш қилишади.
Охири кўчани тартибга солиб турган милиционер чидамади. Кўча ўртасига тушди. Машиналар бири кетидан бири тормоз бериб
тўхташди.
Постовой оҳиста бориб лолани олди-да, фуражкаси тагидан чаккасига қистириб қўйди. Машиналар ғиз-ғиз ўтиб турибди. Шофёрлар, йўловчилар чорраҳага келганда машина деразасидан бош чиқариб, милиционер чаккасидаги лолага қарашади. Уларнинг
юзида бир чиройли табассум порлайди.
Шу куни лола очилганини бутун шаҳар билди. Одамлар дилига бу йил баҳор вақтлироқ киргандек бўлди.

Саид АҲМАД

Драбллар | қисқа ҳикоялар
ҲАЙКАЛ

Бухорода қадим иморатлар кўп.
Бу кўҳна шаҳар кўчаларида хаёлчан кезарканман бир тўда сайёҳлар боши булутга чулғанган минорага қараб туришганини кўрдим. Уларга кекса бир илмий ходим минора тарихини тушунтиряпти. Қулоқ солдим.
– Етти юз йил бўлган бу миноранинг қурилганига.
Сайёҳлар ҳайрат билан ёқаларини ушлашди.
Мен бу хил ёдгорликларни кўп кўрганман. Арманистондаги тўрт минг йиллик Двин ҳаробалари, Кегарт қалъаларини, неча
минг йиллар муқаддам ёзилиб бизга етиб келгунча тошга айланган китобларни кўрганман. Шуларни одам яратган, уларда одам қўлининг изи бор.
Бухоро кўчаларида кезарканман жуда кўп хотиралар хаёлимдан ўтади. Асрлар қаърида қолиб кетган жангу жадалларни кўргандек, қилич-қалқонларнинг жарангини эшитгандек бўламан.
Буларнинг барини тарих шамоллари учириб кетди. Одамларнинг хотиридан юлиб кетди.
Аммо кўҳна деворда қолган беш бармоқ изи ҳали ҳам кўриниб турибди. Бу минг йиллар қаърида йўқ бўлиб кетган одам қўлининг изи. Шу азамат бинога ғишт терган меъмор қўлининг изи.
Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман

Саид АҲМАД

Драбллар | қисқа ҳикоялар
УНИНГ НАЗАРИДА

Эрта баҳорнинг эндигина ердан қор кетган кунлари эди.
Шаҳар ўртасидаги туғруқхона деразаси тагида бир хотин кичкина саватчада гунафша кўтариб турибди. Бир йигитча деразага миниб олиб кўзи ёриган хотини билан гаплашяпти.
– Вақти бўлди, ҳозир олиб келади, кўрасиз, бирам чиройли, бурнилари худди чимчилагандек, кўзлари қоп-қора…
Она боласини таърифлашга сўз еткизолмади. Ота оғзининг таноби қочиб илжаярди. Боласини тезроқ кўра қолишга шошарди.
Ниҳоят доя хотин боласини олиб келиб қўлига берди. Она чойшабни елкасига тортиб уни бағрига босди-да, чўп-чўп ўпиб олди.
Боланинг бурунлари ялпоқ, пешоналари ёғ суртгандек, кўз ўрнида иккита чизиқ эди. Умуман бола янги туғилганда шунақа бўлади.
– Муни қаранг, чиройлилигини қаранг…
Ота деразадан суғурилиб тушиб бояги хотиндан бир даста бинафша олди-да, хотинига узатди. Хотин бахтиёр кўзларини унга меҳр билан тикиб ҳидлади. Кейин бинафша дастасини боланинг димоғига тутди. Бола ғаши келгандек лабларини қимтиб қўйди.
У шундай қилганда оғзи бир тарафга қийшайиб кетди, анча вақтгача уриниб йиғиштириб ололмади.
– Вой, буни қаранг, биляпти, ҳидлашини қаранг, вой тавба.
Бола ҳидлаш у ёқда турсин, нима бўлаётганини ҳам билмасди.
– Муштдаккина бола баҳор келганини биляпти-я, бинафша ҳидлаяпти-я...
Мана шу воқеага саккиз йил бўлган. Ўша бола бир чиройли, бир келишган қиз бўлган. Ҳар баҳор келганда бинафша кўрса онанинг баҳри-дили очилиб кетади.
– Вой тавба, муштдек вақтида бинафшани билганини қаранг, ҳали кўзини очмагандаёқ бинафша ҳидлаган-а…
Бу воқеа энди она хотирасида бир умр қолди, деяверинг.

Саид АҲМАД

Драбллар | қисқа ҳикоялар
​​​​Ў

—Нима экан?
Эрининг ҳукм аралаш саволидан аёлнинг кўзлари ёшланди:
—Яна қиз...
Олдир!

Аржумандбегим

Драбллар | қисқа ҳикоялар
АБАДИЙ ГУЛ

Автобус чўл ўртасида тўхтаб, сув алмаштириб олиши керак. Бу ерда ҳеч ким яшамайди. Йўловчи машиналарнинг сув алмашишига атайин қудуқ қилинган. Қудуқдан икки метрча нарида бир туп атиргул очилиб турибди. Унинг ёнидаги тахтачада шундай
ёзув бор:
«Йўловчи, қудуқдан сув олиб ичганингда шу гул тагига бир пиёла сув қуй!»
Автобус келиши билан йўловчилар ўзларини қудуққа уришади. Челакда сув тортиб биров стакан ботиради, биров пиёла ботиради. Бесабрроқлари челакни кўтариб четидан симиришади.
То машина мотори совигунча у ёқ-бу ёққа қараб чўлни томоша қилишади ва албатта гулга кўзлари тушади. Шунда тахтачадаги
ёзувни ҳам ўқишади. Бирин-кетин пиёлада сув обориб гул тагига қуя бошлашади.
Қарабсизки, ҳадемай гул тагидаги чуқурча сувга тўлади.
Автобус яна йўлга чиқади. Кимсасиз чўл ўртасида шу файзсиз ерларга жилва бериб биргина гул қолади. Яна автобус кўринади,
кечга бориб яна…
Чўлнинг оловдек офтоби унинг баргини қуритолмайди. Томирларига жон бериб турган тупроқнинг намини ҳавога учиролмай-
ди.
Чунки бу ердан кунига уч марта одам ўтади, уч марта шу гулга сув беради.
Бу – абадий сўлмас гул.

Саид АҲМАД

Драбллар | қисқа ҳикоялар
НОСҚОВОҚ

− Саксонбой ота! Ойниса бувим анчадан бери кўринмайдилар. Яхши юрибдиларми?
− Юрган бўлса керак. Қизиникига кетган.
− Нега кетадилар?
− Носқовоғим йўқолиб қолган эди. Шуни сен йўқотгансан, деб дўқласам, «сизга мен керакми, носқовоқми?» деб гап қайтарди.
«Носқовоқ керак», десам, аразлаб қизиникига кетиб қолди...
− Ие, чатоқ бўпти-ку! Кампирингизсиз қийналиб қолгандирсиз?
− Қийналишга қийналдим. Келинимга «таҳорат суви иситиб бер, деёлмасам...»
− Носқовоқ топилдими ахир?
− Топилди. Белбоғимга тугиб юрган эканман.
− Бўпти-да! Бувини обкемайсизми энди?
− Йўқ! Йигит кишининг гапи битта бўлади: менга носқовоғим керак!

Ўткир ҲОШИМОВ

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Дунёдаги энг хунук аёл

— О, мен у аёлни қаттиқ севардим!
— У-чи?
— У ҳам мени дерди. Висол онлари туганмас деб ўйлардим...
— Айрилдингизми?
— Афсус.... тўшакка михланган эри соғайиб кетди!

Нодирабегим Иброҳимова

Драбллар | қисқа ҳикоялар
“ТУТИНГАН” ЎҒИЛ

Амал курсисида ўтирганингда ким энг кўп товонингни яласа, курсудан тушганингда ўша биринчи бўлиб, сендан юз ўгиради, деганлари қанчалик тўғри эканига ўзим ишонч ҳосил қилдим.
Бир қадрдоним бор эди. Кунора қўнғироқ қилиб, ҳафтага келиб турар, шифохонага тушиб қолсам, “овора бўлманг”, дейишимга қарамай ҳаммадан аввал етиб борар, таътил пайтида Ўзбекистоннинг қайси бурчагига дам олмай, топиб борар, “бир чўқимгина” ош қилмаса, кўнгли жойига тушмас эди… Буниси ҳам майли, икки гапнинг бирида “мен сизни отам деганман, сиз менинг отамсиз”, деб, Худони ўртага солиб қасам ичарди…
Мансабим жиндай ўзгарган эди, “боламни” йўқотиб қўйдим. Суриштирсам бошқа ота излаб юрган экан…

Ўткир Ҳошимов

Драбллар | қисқа ҳикоялар
КАФОЛАТ ҚАНИ?

Давра катта эди. Суҳбат қизигандан қизиди. Кимдир:
— Ҳозир Азроил алайҳиссалом келса-ю: "Уч кундан кейин жонингни оламан, тайёргарлигингни кўравер", деса, нима қилардинглар? - деб ўртага савол ташлади.
— Барча гуноҳларим учун тавба тазарру қилардим.
— Кеча-кундуз намоз ўқирдим.
— Ота-онамнинг розиликларини олардим.
— Барча қарзларимни тўлаб чиқардим.
— Молимнинг катта бир қисмини бева-бечораларга бўлиб берардим.
Ҳалиги киши яна гап ташлади:
— Нимага шу ишларни ҳозир қилмаяпмиз? Ё ичимизда биров яна уч кунгача тирик қоламан, деб қатъий ишонч билан айта оладими?

"Шарқ ҳикоят ва ривоятлари" китобидан

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Одамлар нима деркин? 

Қиз талаба бўлди.
«Ўқиб олим бўлармиди», қўл силтади одамлар.

Қизгина унга ошиқ йигитнинг изҳорини қабул қилди.
«Танлаганинг шуми», кулди одамлар.

Келинчак жуфтининг хизматида бўлди, бирор марта юзига тик қарамади.
«Мунча лаллаймасанг», деди одамлар.

Аёл кетма кет фарзандларни дунёга келтирди. 
«Бунча кўп туғасан», ачинди одамлар.

Аёл ишга кирди, рўзғорга қарашди.
«Оилани унутма», ақл ўргатди одамлар.

Аёл ҳасталанди.
«Жони қирқта, ўлмайди», хукм қилди одамлар.

Аёл курашди, гулдек яшнади, кўзёшини бировга кўрсатмади.
«Бир балоси бор», шубҳаланди одамлар.

Кампир кексайди, ҳамманинг ризолигини олиб омонатини топширди.
Одамлар эса ҳамон гапирарди...

Нодирабегим Иброҳимова

Драбллар | қисқа ҳикоялар
СУРАТ

Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек тик турганча нонушта қилаётган эдим. Онам одатдагидек қистарди:
– Ўтирсанг-чи, болам. Бирпас ўтиргин.
– Бўлди, кетдим.
– Шошма, болам. – Онам кўзимга одатдагидан бошқача, қандайдир мунг билан термилди. – Гап бор.
Типирчилаб соатга қарадим: ҳали бензин олиш керак, ишга бориш керак, кейин нашриётга ўтиш...
– Нима эди?
Онам кўзимга ҳамон маъюс термилиб ўтирарди.
– Суратга тушайлик, – деди тўсатдан.
Ажабландим.
– Нега?
– Яқинда мен ўламан.
Онам бу гапни худди: «Қўшниникига чиқиб келаман», дегандек оҳангда айтди. Кулиб юбордим.
– Қўйсангиз-чи, ойи.
Шундай дедим-да, чиқдим кетдим.
Орадан икки ҳафта ўтди-ю...
Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман. Ўйлайман: сен номард, сен аҳмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга
вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен киноюлдузмисан?
Жаҳоншумул шахсмисан? Ана, бир даста суратинг ётибди. Ҳар хил. Ҳар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ!

Ўткир Ҳошимов

Драбллар | қисқа ҳикоялар
Йиртиқ пайпоқ

Ҳассага таяниб зўрға юраётган отасини боғда айлантиришга олиб келганидан ғурурланиб кетаётган башанг кийинган аёл катта миқдордаги пул ҳақида гапириб кимларгадир буйруқ берар, одамлар эса бир "Дада тезроқ юринг" дея қистаётган башанг кийинган аёлга, бир оёғидаги орқаси очиқ поябзалидан пайпоғи, пайпоғининг йиртиғидан эса товони кўриниб турган юпун кийинганидан совуқда қалтираётган чолга ҳайратланиб тикилишарди.

Саида Ибодинова

Драбллар | қисқа ҳикоялар