ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар
14.8K subscribers
80 photos
149 videos
899 links
Дунёнинг энг қисқа ҳикоялари бериб бориладиган канал

• Канал яратувчиси: Аржумандбегим
• Ҳамкор канал: Шамсинур ижоди(@shamsinurijodi)

• Боғланиш: Аржумандбегим таътилда*
Download Telegram
Она

Вилоят ҳокимлигига ишга тайинланган кишини ойнайи жаҳонда кўрганлар фикр билдиришяпти:
— Кўпни кўрган тажрибаликка ўхшайди.
— Авзойи бузуқ-ку, жаҳлдорми дейман.
— Дидсизгина экан, кийимини қаранг.
— Кўнгли бўшга ўхшайди, гапириши мулойим.
— Кийимлари ўзига ярашган, сўзлари дадил, очиқ юзли, ишбилармон, ўзимнинг ўғлим, бўйларингдан ўргилай...

Искандар Махмудов

Драбллар | обуначилардан
👍3
Опа-сингил

— Муборакни нега эркалатаверасиз, мени тергайсиз, уришасиз, сўкасиз. Унга қаттиқ гапирмайсиз ҳам...- дерди синглиси ўксиниб.
— Опанг катта қиз. – Таскин берарди она.
— У нимжонроқ туғилган, - дея ҳақиқатни яширарди ота.
Мафтуна “Мен ўгай фарзанд бўлсам керак” деган хаёлга борарди. Унга ич-ичидан ҳасад қиларди. Баъзан уйни ташлаб қаерларгадир қочиб кетишни хоҳларди. Мана шу бағритошлар орасида яшашни истамасди. Бир ёш ўрталарида фарқ борлиги ҳам шубҳалироқ эди. Бир синфда ўқишди. Тенг битиришди...
Ўша куни сингил қаттиқ янглишганини пайқади. Чунки, нотаниш аёл Муборакни олиб кетиш учун мактабга келганди.

Манзура Абдуллаева

Драбллар | @sayhunqizi
👍9
МЕҲР

"Кун бўйи рўзадор ҳолида қурилишда, офтоб тиғида ишлади, жуда очиққандир", ўйлади аёл эрига зимдан қараб. "Яхшиси, боя еб олгандим, қорним тўқ деб айтаман".
"Ҳомиладор аҳволида тузук-қуруқ едира олмаяпман", ўйлади эркак аёлига гуноҳкорона боқиб. "Икки киши учун ейиши керак. Яхшиси... дўстимникида ифторлик қилиб келдим, дейман".
Дўппидеккина палов эру хотин ўртасида хокисор турарди...

Нодирабегим

Драбллар | @mittihaqiqatlar
👍10😢5
Рўмолча

Мактабда дарслар тугаган, ҳаммаёқ жимжит. Қиз стол устига бошини қўйиб, кўзларини бир нуқтага қадаганча чуқур ўйга толди. "Кўринмас одамга айланиб қолгандекман. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Эрталаб нонушта қилдимми, йўқми? Ишим қачон бошланиб, қачон тугайди? Қаерга боряпман, кимлар билан кўришяпман?.. Одамзод Яратганнинг ижод маҳсули— санъати. Санъат эса эътибор билан тирик. Нимани...Йўқ! Кимни истаяпман ўзи?! Йиллар давомида ташна қалбимни суғориб келаётган меҳр дарёси ҳам таъмсиз туйиляпти. Нималар ўзгарди? Кимдир қўлимдан маҳкам ушлаб бағрига босишини ва тўйиб-тўйиб йиғлаб дардларимдан йироқ бўлмагунимча қўйиб юбормаслигини хоҳлаяпман... Ўша инсон ким? Ўзлари билан овора бўлиб мени кўрмаётган яқинларимми ёки... Қанийди...Қанийди сукунатимни парчалай оладиган шодлик бўлса! Ё Раббим..." — хона эшиги очилиб биров кириб келди.
— Ҳалиям кетмадингизми? — сўради ҳамкасб йигит ўз ҳужжатларини жавонга жойлаштирар экан.— Ифторликка ҳам оз қолди.
— Назорат дафтарларини текшираётгандим, - қиз столи устида турган дафтарларини тартибга келтирган бўлди гўё.
— Ҳа, шунақами, яхши — йигит қизнинг ёлғон гапираётганини пайқаб, ўзига сездирмай унга синчковлик билан разм солди. — Биласизми, устоз ўқувчилари учун туйғулари ўта барқарор, руҳи метиндек кучли шахс бўлиб кўринади. Aслида эса ҳар бир юракнинг ўз кемтиклари бор.
Қиз ҳайрон бошини кўтариб йигитга юзланди. Aммо томоғига нимадир тиқилгандек бўлиб, гапиролмай яна кўзларини бошқа томонга олиб қочди. Йигит қизнинг столига яқинлашиб сўзида давом этди:
— Юпатиқ ҳамиша кўнгилга малҳам бўлолмайди. У баъзан имконсизлигимиз иқроридек туйилиши мумкин. Олинг. — қўлидаги нарсани қиз томон узатди. — Бундан ортиқ садоқатли сирдошни топа олмайсиз. У дарров хона эшигини ёпиб чиқиб кетди. Қиз киприк қоқмай миясидаги жавобсиз саволларига бардош беришга уринарди. Шартта ўрнидан турди-ю, кетишга ошиқди. Эшикка етгунича ҳеч қаерга қарамади. Хонадан чиқиб кетар экан, кимгадир ишонгиси келди, йигит айтган энг яхши сирдошни кўриш учун орқасига ўгирилди ва беихтиёр кўзи ёшланди. Стол устида турган рўмолча гўё қизга ўз қучоғини очгандек турарди...

Аржумандбегим

Драбллар | @Arjumandbegim
👍111
Aҳд

"Эртага"— бугуннинг энг катта душманидир", — деди маърузачи сўзини якунлаб. Талаба жуда таъсирланди ва аҳд қилди: "Эртадан "эртага" дейишни ташлайман..."

Aржумандбегим

Драбллар | @Arjumandbegim
😁18
Сени кутаман

«Қаршиландик,
қадамлар илдам...»
Тун саҳнасин кўзинг билан ёп.
Тушларимиз келмай ўнггидан,
Мени топ!

— Икром.
— Нима?
— Тасаввур қил, агар мен бутунлай кетиб қолсам...
— Қаерга кетсанг?
— Қаерга бўлса ҳам-да.
— Нега кетасан?
— Гапимни бўлмай тур. Тасаввур қил, агар мен бутунлай кетсам, мени излаб ортимдан борасанми?
Йигит бир зум ғамга чўмди, киприкларини пирпиратиб оҳиста оғиз жуфтлади.
— Ростини айтайми?
— Aйт, - қиз кутилажак жавобдан юраги энтикди.
— Ростини-я?
— Ростини.
Йигит қизнинг саволчанг кўзларига ортиқ бардош бера олмади.
— Ортингдан тош отаман- деди-ю, хахолаб кулиб юборди ва уни доимгидек қувиб кетишини билиб олдинлаб кетди. Қиз унинг бунақа ҳазилларига ўрганиб қолган бўлса ҳам, негадир шу сафар ишонгиси келганди, индамади...
Йигит сой бўйидаги мажнунтолнинг ёнига етганда тўхтади. Қизнинг ўйчан қадам босиб келишидан юраги хира тортди.
— Хафа бўлдингми?
Қиз йигитдан кўзларини олиб қочди.
— Йўқ...
— Менга қарачи? - қиз қаролмади. Эркалаб айтилган бу чорловдан кўнгли бўшаб кетди. Киприкларидан бирин-кетин ёшлар сирғала бошлади.
— Воой, бу қизни қаранг, йиғлашини. Бир қарасанг, кампирларга ўхшаб савол беради, бир қарасанг ёш болага ўхшаб йиғлайди. Бўлди қилсангчи, ҳазиллашдим ахир.
— Ростанми? - аразлаган кўйи бошқа жавоб кутгандек йигитга кўз остидан қаради.
— Вой буни пешонасини қаранг, тириштирганингдан ҳозир иккита қошинг битта бўлиб қолади...
— Ҳазиллашма, бўлди қил- қиз аразлаб мажнунтолнинг нариги тарафига ўтиб олди.
— Оббо, бўпти-бўпти. Тош эмас кесак отаман. - Йигит яна кулиб юборди, у қизнинг кўнглини кўтармоқчи эди. Aммо акси бўлди. Қиз чуқур жимликка чўмди.
— Бугун нимадир бўлдими сенга, бирор гапим ёқмаяпти.
— Ҳеч гап йўқ, шунчаки ўйлаб қолдим: кетадиган одам ҳамиша ортидан кимдир қайта дийдор умидида ёнишини, кўзига бир томчи бўлса ҳам ёш олишини, ҳеч қурса нигоҳи билан уни унутмаслигини айтишини хоҳлар экан. Кетаётган жойидаги бутун ўтмиши биргина хайрлашув эшиклари билан муҳрланар, ўша эшикка қараб унинг ичидаги ранглар ҳам ўзгариб кетар экан...
Йигит негадир эшитишни истамади. Гўё қизнинг гапларидан уни йўқотиб қўяётгандай ҳис қилиб асабийлашиб кетди.
— Бўлди қилсанг-чи, нималар деяпсан. Қанақа кетиш?! Қанақа эшик?! Ҳеч ким ҳеч қаёққа кетаётгани йўқ-ку?! Қаердан топдинг бунақа гапларни?! Бас қил, юр кетамиз. У шартта ўрнидан турди-ю, одимлаб кетди.
Қизнинг юрагидан нимадир узилгандек бўлди. Ўрнидан туриб йигитнинг ортидан жим қараб қолаверди.
— Юрсанг-чи?! - Йигит ҳали ҳам жаҳлдан тушмаган, бир неча дақиқада анча олислаб кетган эди. Қизнинг жавобсиз қараб тураверишидан ҳақиқат англашилиб турарди. Aммо йигит буни тан олишни истамади. — Келмасанг, келма. Қолавер ўша ерда... Кетармиш...Қаёққа кетасан... Сени ҳеч қаёққа юбормайман...Кетармиш-а?!- Йигит кун бўйи шу саволлар ичида яшади. На еди, на ичди, на ухлади. Ҳеч кимни ҳис қилмади.
— Кетаман дейдими? Қишлоқни, сойни, мажнунтолни... мени ташлаб-а?! - Сўнгги саволдан танаси музлаб кетди. Тонг энди оқариб келаётганига қарамай, қизнинг уйи томон югурди. Индамаса, уйига тўғри кириб бормоқчи эди...Aммо... Aммо михланган эшик ва бир парча қоғозга ёзилган икки энлик мактубгина уни тўхтатиб қолди...
"Сени кутаман..."

Аржумандбегим

Драбллар | @Arjumandbegim
👍13😢1
​​Ҳақсиз севги

Вокзал. Йигит ортига бир неча марта ўгирилди. Aммо қиз телефонда гаплашганча ҳеч қаерга қарамай кетарди...
— Диёра, мен уни соғиняпман
— Ия, кетдими?
— Йўқ, энди...
— Ҳалитдан соғинсанг, кетгандан кейин... Сенга ачинаман.
— У ортимдан қараб турибди...Уни яна бир марта кўргим келяпти...Балки бу охиргиси бўлар...
— Унда нега ўгирилмаяпсан?
— Aгар ҳозир ўгирилсам унинг қалби мен билан қолиб кетади. Кейин у қалбсиз қандай яшайди?!
— Йиғлаяпсанми? Ўзингни ўзинг қийнаяпсан. Бор у билан хайрлаш.
— Йўқ, йўқ. Боролмайман. Унинг айтишича, мен ундан кечиб тошбағирлик қилибман. Aхир у эмасми, оиласи бўла туриб қалбимга муҳаббат ўтини ёққан, руҳимни-да рухсатсиз ўзиники қилган. У эмасми бирданига икки қалбнинг уволига қолган...
— Ким ўйлабди дейсан унинг оилали эканлиги. Кўринишидан туппа-тузук одамга ўхшайди. Aслини олганда эркакларнинг ҳаммаси бир: аёлнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашишдан, уни ҳар кўйга солиб томоша қилишдан завқ олади.
Ўзинг ҳам жуда соддасан-да! Наҳот сезмадинг?
— Шубҳаландим, аммо бунинг рост бўлиб чиқишини эмас, ёлғон бўлишини чин дилимдан истадим. Бу аччиқ ҳақиқатни ўзим исботлагим келмади. Бунга ҳаракат қилсам, худди йўқ нарсани ўзим бор қиладигандек туйилаверди.
— Эҳ, ўртада ўзинг жабр кўрдинг. Ҳаётингда бир марта ишонгандинг. Балки, уни ўзинг билан олиб қолишинг керак эдими? Aхир у сени танлади-ку. Бу қўлингдан келар эди, тўғрими?
— Келар эди, аммо уни икки ойдан буён кутаётган муштоқ аёличи? У мени қалбимни ўғирлади, у аёл эса бор вужуди билан эрига сиғинган... Кўрсанг эди... У аёл янгидан ҳаёт бошлаши учун янгидан туғилиши керак. Мен эса ўзимни ўнглаб олишга кучим етади.
— Сен яна ҳамма оғирликни, масъулиятни ўз елкангга ортяпсан. Эркаклар ҳар доим бундай елкалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади, ёдингдан чиқарма. Нозик ва ожизлик эркакларни сақлаб қолишнинг энг оддий йўли. Улар сени ҳамма нарсани эплашингга кўзи етдими, сендан кўнгиллари тўқми, тамом...
— Унақа бўлолмасам нима қилай...
— Бўлди қил, ўкинишни. Ҳеч бўлмаса ўч олишни ўрган. Ким сенга озор берса ҳам жавоб қайтармайсан. Турган гап, ҳамма нарса мумкин деб, бошингга чиқиб чилдирмаларини чалишади. Шунда ҳам сендан садо йўқ.
— Бандасига Худонинг ажридан муносиби борми?
— Яна бошладингми? Унда ўша Худойингдан бу виждонсиз эркакка виждон сўраб йиғлаб юравер.
— Диёра...
— Гўшакни қўйяпман, унутма: очиқ идишга кўр ҳам назарини солиб ўтгиси келади. Кўнгил ҳам шундай!
Қиз бир зум тек туриб қолди. Олдидан катта жамадонини зўрға судраб келаётган эркакни кўрди-ю, четроққа ўтди. Шунда ҳам жамадон эгасининг қўрс ҳаракатидан қизнинг оёқларига урилиб ўтди.
— Ҳой олифта, кўзингга қарасанг бўлмайдими? Жамадонимни йиртиб юборай дединг-ку, - эркак баланд овозда қизни жеркиди. Қиз индамади. Индолмади. "Нега шунақа эканман-а?" Қизнинг хўрлиги келди. Шартта бориб эркакнинг йўлини тўсдию, шапалоқ туширди. Унинг бу ҳаракатини кутмаган эркак, юзини чангаллаганча қотиб қолди.
Қиз ўзини танимади. Шапалоқ туширган қўллар ҳам уники эмас эди гўё. Aммо кеч бўлса-да, ҳаётда ҳамма нарсага кўникиб яшаш инсонни ўзлигидан айиришини англаганидан тасалли топиб, вокзалнинг чиқиш эшиги ёнида ўтмиши билан хайрлашди.

Аржумандбегим

Драбллар | @Arjumandbegim
👍142
Aжрим

"Мен энди етимманми?!" деб кўчани йиғига тўлдириб келаётган болани кўрган қабристон қоровули ўксиниб деди:
—Секинроқ ўғлим, ўликларни уйғотиб юборасан...

Aржумандбегим

Драбллар | @Arjumandbegim
😢83👍1
Изҳор

— Чойми ёки кофе?
— Кофе.
— Қанақасидан?
— Сен билан ичиладиганидан!

Эзо

Драбллар | @Sarvarovna
13👎3👍1
Тинчлик истаги

— Ахир, мени ҳам бахтли яшашга ҳаққим бор-ку. Ўзим яхши кўрган инсон билан ҳаётимни давом эттиришни хоҳлайман. Эртага борадиган жойимда тошдай қотиб, тинч-xотиржам яшашим керак.Тўғрими, бобожон? Гапирсангизчи сиз. Хаётнинг паст-у баландини кўрган инсонсиз ахир.
— Болам, эртага мен ҳам борадиган жойимда тинч-xотиржам яшашни хоҳлайман...

Суҳроб АЗИМИЙ

Драбллар | қисқа ҳикоялар
👍9
Навбат

— Менинг онам!
— Йўқ!! Менинг онам!!
Набираларининг жон-жаҳди билан она талашишларини мунгли кўзларига ёш олиб кузатиб турган Ҳалима аянинг хаёллари ўғлининг дадил овозидан тўзғиб кетди:
— Ойи, кетдик. Келинингиз нарсаларингизни йиғиштириб қўйибди, бу ой акамнинг навбатлари...

Аржумандбегим

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
😢12👍5🔥2🥰1
Ҳаловат

— Шаҳарда 8 хонали уй бор. Юрибман-да маза қилиб яша-аб. Қишлоқда юраманми, ука, сенга ўхшаб далаларда ўт юлиб. Олиб кетмоқчи бўлсам, бормайсан. Ниманг бор-а шу қишлоқда?
— Нимага ҳадеб "Уй бор, хона бор" дейсиз? "Уйим" демайсиз?
— Ҳа, энди ижара-да, ука.
— Айтайми қишлоқда нимам борлигини. Саккиз хонали бўлмаса ҳам, сизникидек ҳашаматли бўлмаса ҳам қишлоқда ўз уйим —ўзимнинг уйим бор!

Нилуфар Улуғбековна

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
👍10
Соғинч

— Вуй, бу болани ширинлигини қаранг! Кўз тегмасин! Шапкачалари ярашганини айтмайсизми!? Қаёққа олиб кетяпсиз ясантириб бу "момиқчани" - деди автобусда суҳбатдош бўлган аёл ёнидаги аёлнинг боласини қўлига оларкан.
— Дадасини олдига кетяпмиз. Кўрмаганимизга ҳам анча бўлибди. Бизни роса соғинган - деди аёлнинг саволига кулимсираб жавоб қайтараркан.
— Сизлардан узоқдами иш-жойи? Жуда банд бўлса керакда. Ҳаёт нималарга мажбур қилмайди. Майли, боласини соғинади тез-тез олиб бориб туринг олдига. Кўриб анча хурсанд бўлади.
— Ҳм, албатта. Шундай...
Автобус бироз юргандан сўнг болали аёл:
— Шафёр амаки қабристон олдига тўхтаб қўйинг. Биз тушиб қоламиз. Етиб келдик манзилимизга - дедида бояги аёл билан "яхши етиб олинг" дея хайрлашди.

Суҳроб АЗИМИЙ

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
😢14👍6
Совға

Туғилган куни шарафига ёзилган дастурхон атрофида ароқ шишалари қатори думалаб ётган эрининг уйғониб қолишидан қўрққан ҳоли қимир этмай ўтирган зах зинапоясидан эрига зарбдан зада кўзлари билан бечораҳол ўгирилди:
— Туғилмайгина ўлай ман...

Аржумандбегим

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
👍7😢5
Биринчи муҳаббат

Унинг мактаб даврларида тушилган эсдалик суратлари орасидан бир қизнинг расмини ҳеч чанг босмасди...

Элбек Тилавов

Драбллар | Қисқа ҳикоялар
👍1343😍2👏1
БИР ТОМЧИ СУВ

Нигора бир ҳафтагина қишлоққа онасининг олдига бориб келадиган бўлиб қолди. Эри командировкада. Уй ёлғиз қолди. Поездга чиқиб энди чамадонни ўрнига қўяётганида бирдан бўшашиб кетди.
Тувакдаги гулга сув қуйиш эсидан чиқибди-ку.
Ахир, Нигора уни қандай авайларди. Кун ора сув қуйиб чамандек очилиб турган гулларини ҳидлаб, ҳидлаб оларди. Нима бўлади энди?
Эри Козимжон Кисловодскдан атайин самолётда олиб келган эди. Икки йилдан бери уни парвариш қиларди. Ёзда ҳовлига опчиқиб экар, куз келди дегунча яна тувакка ўтқазиб, уйнинг кунгай томондаги дераза рахига қўярди. Нима бўлади энди?
Битта гул учун орқага қайтсинми? Қайтарди ҳам, аммо поезд жойидан қўзғалиб, шитоб билан олдинга интилиб кетяпти.
То қишлоққа етгунча ҳам шу гул унинг хаёлидан кетмади. Назарида сарғайиб сўлаётгандек, қуриб-қовжираган барглари дераза олдига тўкилиб ётгандек...
У қишлоқнинг қатқалоқ кўчаларидан кетаркан, бирон уйнинг деразасида гул кўрдими, бўлди, хаёли яна уйига учиб борар, қуриб қолган гул олдида маъюс тургандек бўларди.
Нигора қайтаётганда қалин қор тушди. Пўстинига ўраниб поездга чиқди-ю, вагон ойнасидан оппоқ далаларни маъюс томоша
қилиб келди. Ниҳоят уйи остонасига ҳам етди. Қандай қилиб эшикка калит солганини, қандай қилиб дераза олдига келиб қолганини ўзи ҳам билмасди.
Тувакдаги гул ҳамон яшнаб турарди. Унинг кўм-кўк барглари тагидан яна куртакчалар бўртиб қолибди.
Нигора очиламан деб, турган ғунчага энгашиб димоғини тегизди. Бирам хушбўй, бирам хушбўй!
У, бир ҳафта сувсиз қолган бу гулнинг аввалгидек яшнаб туришига ҳайрон эди.
Офтоб дераза қировини эритиб ҳар куни бир томчидан тувакка сачратганидан Нигора бехабар эди.
Бир томчи сувда қанчалар қудрат борлигини у сира-сира хаёлига келтиролмасди.

Саид Аҳмад

Драбллар | қисқа ҳикоялар
👍16
ШУКРОНА

У яқиндагина меҳр-мурувват фонди томонидан берилган иссиқ ёпинчиққа ўралиб, бугун ахлатхонадан топган этикларига қаради. Бу совуқ қиш қаҳратонида устинг бут, қорнинг тўқ бўлса, қандай яхши. Ит эгасини танимайдиган гадойтопмас
шаҳар кўчаларида топилаётган тирноқча меҳр ҳам бошпанаси йўқ одамнинг зулмат дунёсини ёритишга қодир. У боғдаги совуқ ўриндиққа чўзилиб, юлдузли осмонга боқди ва:
— Тангрим, ўзингга шукр, — деди. — Бу ҳаётнинг баҳоси йўқ .

Дик Скин

Драбллар | қисқа ҳикоялар
👍12😢2
Kўзгу

Бир киши хизмат сафари билан узоқ вақт бегона ўлкаларда қолиб кетди. Вақти келиб уйига қайтиб келганида биттаю-битта ўғлининг тарбияси ёмонлигини, онасининг айтганини қилмаслиги, ҳаммага озор беришини кўриб қаттиқ изтиробга тушди. Ота жуда узоқ ўйлади. Фарзандини қандай қилиб тўғри йўлга солса экан? Бунинг учун турли усуллар ишлатиб кўрди, лекин фойдаси тегмади. Калтаклади-бундан бешбаттар бўлди. Ўйлаб-ўйлаб, шу қишлоқда узоқ вақтлар ўқитувчи бўлиб ишлаган бир доно кишидан маслаҳат сўрашга аҳд қилди. Кекса муаллим унинг дардини жимгина тинглади ва унга ўз маслаҳатини берди.
Эртаси куни ота ўғлини олиб бозорга борди. Улар бозорни айланишиб, тошойналар сотиладиган жойга бориб қолишди.
-Ўғлим, сенга катта кўзгу олиб бермоқчиман, энди катта бола бўлиб қолдинг, ёққанини танлашинг мумкин.
Ўғил танлаб-танлаб ўзининг бўйи қадар, бежирим безатилган кўзгуни танлади.
Улар тошойнани уйга келтиришиб, айвонга ўрнатишди.
Ота ўғлига қараб:
— Ўғлим, бир нарсани келишиб олсак. Агар сен бизга номаъқул бўлган бирон иш қилсанг онанг билан кўзгуга бир дона қора рангли қоғоз баргни ёпиштириб қўямиз, мақбул иш қилсанг эса битта баргни олиб ташлаймиз.
— Мен розиман,-деди ўғил, ўйлаб ҳам ўтирмасдан.
Эр-хотин шу кундан бошлаб боланинг ҳар бир қилган ножўя иши учун бир дона баргни ойнага елимлаб бораверишди. Кунлар ўтган сайин қора барглар кўпайиб, кўзгунинг юзи ёпилиб бораверди. Бола ҳар куни ойна олдига келар ва бундан кўнгли ўксирди. Ниҳоят у яхши томонга ўзгаришни бошлади. Ота-она унинг ҳар бир яхши ҳаракати учун бир донадан япроқни олиб ташлай бошлашди.
Кунлар ўтган сайин боланинг ёмон қилиқлари камайиб, хулқи яхшилана бошлади, энди унга ҳамма ҳавас қиларди.
Вақти соати келиб, ота энг охирги баргни олиб ташлади ва ўғлини бағрига босди.
Бола эса ойнага қараб кўзларига ёш олди.
— Дадажон қаранг, бирорта ҳам барг қолмади, лекин елимлар ойнами хиралаштириб қўйди.
— Кўрдингми болам, бу дунёда яхши ишлардан из қолмаслиги мумкин, лекин ёмон ишлардан албатта доғ қолиши аниқ!
Она илиқ сув билан ойнани ювиб ташлади ва:
— Ўғлим, энди ҳаётда мана шундай покиза яшашга ҳаракат қил, деди,- ғуборсиз кўзгуни кўрсатиб.

Давлатов Жўрақул

Бухоро вилояти, Олот тумани, Кесакли қишлоғи

Драбллар | қисқа ҳикоялар
👍164
Ҳазми таом

Атрофни кўз қири билан текширган бўлиб, ёнидаги кампирнинг ҳамёнини ўғринча ўз сумкасига солди. Ҳеч ким кўриб қолмаганига ишонч ҳосил қилиб, дўкондан олган газли сувининг пулини тўлаб шошиб чиқиб кетди. Катта ўлжадан мамнун бўлиб, қўлидаги сумкасини ўйнатганча сакраб-сакраб қадам ташлаб кетаверди. Тўсатдан ўша дўкондаги сотувчи боланинг уни чақириб югуриб келаётганини кўрди-ю, қадамини тезлатди. Бола етиб олиб унинг йўлини тўсди, ҳансираганча қўлидагини узатди:
— Газли сувни унутиб қолдирибсиз.

Аржумандбегим

Драбллар | қисқа ҳикоялар
👍9
БИР УМР

Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади.
Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга товлашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб
келиб, ўзлари кўз ойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади.
Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман.
Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги
ҳаво ранг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво,
ўтган-кетганларни томоша қилади.
– Неварами? – дедим. Кампир ўгирилиб қаради.
– Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди.
– Ҳали юрмайдими?
– Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти.
Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир.
– Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар.
Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик
қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради.
– Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин.
Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу
шўнғиганда ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию, маст одамдек гандираклаб юриб
кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтир-
гиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди.Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд.
Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман.
Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди.
Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи...

Саид Аҳмад

Драбллар | қисқа ҳикоялар
👍15