ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар
3.03K subscribers
25 photos
506 links
Романлар очко ҳисобига ютса, ҳикоя нокаут билан ғолиб келади.

• Канал яратувчиси:
Нилуфар Обидова(Аржумандбегим)

• Боғланиш: @Arjumandbegimga_yozishbot
Download Telegram
​​Менинг ҳаётим

Она ўғлининг телефонидан турмуш ўртоғига қўнғироқ қилмоқчи бўлди ва телефон контактларини титкилай кетди: Дилфузахон, Нилуфархон ва Моҳира исмларини кўриб ўғлидан бироз ранжиди. Менинг ҳаётим номли контактга кўзи тушиб ким экан ўша ўғлимни ҳаётига айланиб улгирган ойимча деди-ю қўнғироқ тугмасини босди ва чўнтагига қўл солиб жиринглаётган телефонини олди ва йиғлаб юборди.

Акбаржон Исмоилов

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Яқиндагина тухумдан чиққан полапонлар йўқолиб қолгани учун йиғлаётган қиз, меҳр билан қотилнинг бошини сийпаларди.

Сардор Дўст

@drabllar — қисқа ҳикоялар
​​Кийимчалар

— Олаверинг, Худо ҳоҳласа болангизга кийдирасиз, яп янги кийимчалар.
— Нега? Ўзингизга керакмасми?
— Энди керакмас...
Аёл ўзига ҳайрон қараб қолган, бугун-эрта кўзи ёриши кўриниб турган аёлга ҳавас, алам, армон билан қарадию, кўзёшларини артиб, туғуруқхона дарвозаси томон елиб кетди...

Лобар Азизхўжаева

@drabllar — қисқа ҳикоялар
​​Меҳр

Кеч куз эди. Ҳавода қишнинг изғирини кезиб юрарди.
– Она, келинг оёғингизни ювиб қўяйлик, – деди ака-ука.
– Оббо, янами? – сўради онаси юраги увишиб. – Тирнет, деган бало чиқди, менинг тинчим бузилди.
– Келақолинг энди! – ялинишди ўғиллар. – Шу охиргиси!
Она ноилож кўнди, ҳовлига чиқиб, супага ўтирди. Ўғиллари дарров тоғорага кран жўмрагидан сув тўлридиб олиб келишди. Ака-ука бир олиб, бири қўйиб, онанинг оёғини “ювиб”, тўрт-беш мартадан суратга тушишди: энг яхшисини интернетга қўяди. “Фотосессия” тугагач, улар қилган ишидан мамнун, хоналарига шошилишди. Она ҳам гарчи совуқ сувда оёғи музлаган бўлса-да, хурсанд эди:
– Ҳаҳ, ўзимни меҳрибонларим-а!

Байрам Оға

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Опа-сингиллар

Опа-сингиллар турмушга чиқишди: бири мол-дунёси беҳисоб эркатойга, иккинчиси сўмни сўмга улаб яшаётган бечораҳолга.
Опада данғиллама уй, қатор-қатор машина, калондимоғ қайнона, олифта эр.
Сингилда пахса уй, нураётган девор, содда қайнона, меҳнатдан боши чиқмаган эр.
Унисининг қадами ўлчовли, сўровли, терговли. Ўз уйида бегона.
Бунисида борини баҳам кўришган, уйим-жойим деб туришган. Яримта нон — роҳатижон. Қизиқ, кичик қиз опасига ҳавас қилади...
Опа эса синглисига...

Лола Ўроқова

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Юк

— Собир, ёмғир тингунча бизникига кириб тур.
Мактабдан қайтишда ўртоғининг уйигача келишлари билан жала қуйиб юборди. Собирнинг хаёлига йўл бўйида турадиган онасининг хоним араваси келди. Дўстининг қистовига қарамай, уйга кирмади. Кичик келиб қолган пояфзали билан оёғини ер тишлаётгандек сакраб-сакраб кўча бошига қараб чопиб кетди…

Аржумандбегим

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Суратдаги уруш

Уруш йиллари Францияни босиб олган немис фашистлари машҳур рассом Пикассонинг устахонасига тез-тез кириб туришарди. Мусаввир уларга ўзининг битта асаридан олинган фотонусхани “Эсдалик учун” дея имзо қўйиб, туҳфа этаверарди. Унда Испан қишлоғининг фашистлар томонидан яксон қилиниши тасвирланган эди. Кунлардан бир кун устахонага Гестапо агенти кириб келади ва сумкасидан ўша фотонусхани жаҳл билан олиб, рассомга кўрсатади:
— Бу сизнинг ишингизми?
— Йўқ, бу сизларнинг ишингиз! – деб жавоб қилади рассом.

Шодмон Отабек таржимаси

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Отнинг обрўси

Эшак ишлади-ишлади сомон, хашак тўплади. Ҳам ўзини боқди, ҳам қулунни тойчоқ қилди. Яна ишлади-ишлади ҳам ўзини боқди, ҳам тойчоқни ғўнон қилди. Яна ишлади-ишлади, ҳам ўзини боқди ҳам ғўнонни отча қилди. Яна ишлади-ишлади, ҳам ўзини боқди ҳам отчани ОТ килди. ОТ бўлгандаям чопқир ОТ, улоқчи ОТ , айирғич ОТ бўлди. Лекин эшак эшаклигича қолаверди.

Тўйчи Қурбанов

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Иш куни оғир бўлди. “Мактабда ишлаш ҳар кимга ҳам эмасда”. Йўл-йўлакай ўз ўзига гапириб келаркан, уйда кутиб турган рўзғор ишларини ўйлаб юраги сиқилди.
“Ойим келдилар!” Чопқиллаб пешвоз чиққан ўглини нари сураркан, ивирсиб ётган уй гўё тобора кичрайиб уни бўғаётгандай нафаси қайтди.
— Аҳмоқ! Лоақал еган овқатининг идишини тозалаб қўйса бўлади-ку! Ғазабини ютолмай айтиб юборган гапини эшитган ўғлига юзланиб, сохта табассум билан:
— Азизбек ўғлим, мактабингга яхши бориб келдингми? Нечта беш олдинг? — деди.
— Ҳеч қанча! — қўрслик билан қайтарилган жавобдан сергак тортди.
— Ақлли болалар ойисига шундай жавоб қайтарадими, ўғлим? — деди ўзини зўрға босиб.
— Мен дадамнинг ўғлиман-ку, ойи?! — деди юзи тундлашган ўғли ошхонада куймаланаётган отаси томон кетиб бораркан.

Аллома Ҳакимова

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Айрилиқ

Йигит телефонда "Aлвидо" деди-ю, кечагина кесилган оёғининг жароҳатини ёпди...

Азиз

Драбллар | обуначилардан
Кўзгудаги акс

— Нима етишмайди сенга? Устингда энг яхши кийим-бош, еганинг олдингда. Қанча сўрасанг берсак, нега дўстингнинг пулини ўғриладинг?
— …
— Жим турма, гапир!
— …
— Афтағфируллоҳ, кимга тортган-а бу?!
Менга қара, агар яна шу иш такрорланса оёғингдан осаман, бола! Менга ўғри бола керак эмас!

Тўсатдан эшик тақиллади. Туриб эшикни очди. Таниш одам унга сумка тутқазди.
— Ҳеч ким сезмадими?
— Ҳеч ким, хўжайин. Юкларни заводдан кечда чиқариб улгургандик. Ўт ўчирувчилар келганда сохта моллар ёниб бўлганди…
— Яхши. Бор энди. Бу атрофда кўп ўралашма.

Бола сумкада пул борлигини биларди. У бир дадасига, бир таниш амакининг оғзига қараб ҳаммасини зўр қизиқиш билан кузатарди…

Аржумандбегим

@drabllar — қисқа ҳикоялар
Уят бўлади

Саттор кўчадан шошиб уйга кирди.
— Хотин, қаердасан?
— Вой, тинчликми, дадаси, мунча ҳовлиқмасангиз, ит қувяптими?
— Кўп гапирмагин-да, анави шишаларни кўздан йўқот. Дўстларим қўярда-қўймай уйингга кирамиз дейишяпти, Саттор Ҳожи деган номимиз бор ахир. Кўриб қолишса уят бўлади.

Аржумандбегим

@drabllar | қисқа ҳикоялар
Хато

Азалия белида кучли оғриқ турганидан телефонини қўлига олди-ю таниш рақамларни терди. Бирдан унинг “Менга уйдалигимда қўнғироқ қилма” деган сўзлари эсига тушиб телефонини отиб юборди. Оилали эркак билан яшаётганидан буён у ота-она, ака-укасига ҳам бегона бўлган эди.
Азалия оғриқ зўрлигидан ва чорасизлигидан хўрлиги келиб ерни муштлаганча йиғлаб юборди:
“Хотиним билан фақат болаларим учун яшайман, сени севаман дегандинг, шумиди севгинг, номард?!”

Аржумандбегим

@drabllar — қисқа ҳикоялар
***

Наргиза катта-катта қадамлар билан асабий телефонда гаплашиб келарди:
— Эрталаб кир ювадиган машинадан кийимларни олишни унутибман. Ишга келиб эсласам бўладими. Палакат!
Аксига олгандай бугун ишим кеч тугади, боғчага келсам, уйдагилари олиб кетишди деди, эрим мендан олдин ишдан чиққан, шекилли. Ҳозир борсам овқат тайёр эмаслигини баҳона қилиб яна жанжал чиқаради.
— Уйда қайнонанг йўқми?
— Э, сўрама. Ўтган кун қизиникига кетганди. Шу кампир ҳам менга ортиқча даҳмаза. Катта ўғил алоҳида яшайди деб теккандим, қаёқда… Бўпти, дугонажон, яна телефон қиламан. Уйга кеп қолдим.

Алоқа узилди. Наргиза эрининг ғазабига қарши айтадиган гапларини ўйлаб бироз секинлашди, қараса уй олдида эрининг машинаси кўринмади. Уйга кирса кир машинада қолиб кетган кийимлари дорда илинган, болалари ҳовлида копток тепишарди. Ошхона томондан чиқаётган паловнинг ҳиди эса бутун ҳовлига тарқаб улгурган эди.

Аржумандбегим

@drabllar | қисқа ҳикоялар
САБОҚ

Ҳаётидан яхшилик изламайдиган бир қизга отаси сабоқ бериш учун ошхонага чорлади. Уч хил идишдаги қайнаган сувга картошка, тухум ва қаҳва доналарини солди. Йигирма дақиқадан сўнг барини идишга бўшатиб, қизига юзланди:
— Қандай ўзгариш юз берди?
Қиз картошка юмшаганини, тухум қаттиқлашганини, қаҳва эса хуштаъм шарбатга айланганини айтди.
— Лекин бу билан нима демоқчилигингизни тушунмадим?
— Ҳаёт машаққатдан иборат. Машаққатлар исканжасида картошкадай эзилиб қоласанми ё қалбинг тухум каби қаттиқлашадими, ё бўлмасам,
қаҳва доначаларидек, ғамга бўйин бермай ўзингни комиллаштириб, ҳаётингга айрича таъм ҳадя этасанми?
Қиз ўзининг ношукрлигидан уялиб қолди. Шунда ота қизининг бошини силаб:
— Ҳаёт ҳикмат излаб яшаш учун берилган. Унга кулиб боқсанг, ҳаёт ҳам сенга кулиб боқади, — деди.

Леч Макдональд

@drabllar | қисқа ҳикоялар
Оталар ва болалар

У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди. Ҳаммасини уйли-жойли қилди.
Кўз юмаётганида «ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман», деди...
Қарашса, кафанлиги йўқ экан...

Ўткир Ҳошимов

@drabllar | қисқа ҳикоялар
Сабоқ

Умрининг сўнгги кунларини бедаво дард билан бир сония бўлса ҳам яшаш илинжида ўтказаётган беморнинг ёнига келган янги хонадош унинг ҳолатини нурсиз нигоҳидан бир зум ҳис қилди-ю, ўзидан уялиб кийимининг ёқаси билан бўйнида қолган арқон изларини беркитди...

Aлима

@drabllar | обуначилардан
ҲАҚИҚИЙ ИШҚ

Хушрўй, хушбичим аёл пиёдалар йўлакчасидан аста-аста қадам ташлаб борарди.
Ортидан бир эркак яқинлашди ва:
— Ғоят сулувсиз, вафодорим бўлинг, — деди.
Аёл бошини чайқаб, майин табассум билан:
— Мендан сизга ёр чиқмайди. Ортимиздан келаётган аёл мендан кўра сизга кўпроқ муносиб. У ҳам сулувликда кўплардан қолишмайди, — деди.
Эркак ортига ўгирилди ва бадбашара бир аёлга кўзи тушди.
— Йўқ! — рад этди у дарҳол. — Кўнглим ёлғиз сизни дейди.
Хоним жавоб берди:
— Агар ишқингиз чинданам менга тушганида, ортга ўгирилмасдингиз!

Сейж Романо

Драбллар | қисқа ҳикоялар
#Рамазонга_тайёрланамиз!❤️

🥹Ишончли рецепт қидириб чарчадингизми?

🥰Шошманг шошманг сизга ўзим доим фойдаланиб юрган энг ишончи рецептлар каналимни айтаман.

👇Пастдаги тугмаларда ўзизга керагини босинг ва қўшилиб олинг!

🤗Канал сизга ёқиши аниқ эвазига шунчаки раҳмат айтсангиз кифоя


👉https://tttttt.me/+nH0pFlFaBUk0N2Ey
👉
https://tttttt.me/+nH0pFlFaBUk0N2Ey

Айтгандай тикувчиликка қизиқувчилар учун махсус канал бор мана👇👇👇
👉Тикувчилик сирлари👈
КУЁВ

— У ақлдан озибди, - дейишди қўни қўшнилар.
— Жиннимисан, калланг ишлайдими? Бор йўғингдан айриласанку, деб танбеҳ беришди яқинлари.
Унинг жинни бўлганлиги ва ақлдан озганлигини гапирмаган одам қолмади, қишлоқда. Чунки у олтмишга ҳам бормай ёлғиз қолган қайнотасига маҳрам қидираётганди.

Шарифа Мадраҳимова

Драбллар | обуначилардан